21:30 / 05.02.2020
1
13246
ТИВ: Чартер рейсда 5 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Тошкентга олиб келинди

5 февраль куни Uzbekistan Airways чартер рейсида Хитойдан олиб келинган 84 кишидан 5 нафари – Қозоғистон фуқаролари.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги коронавирус эпидемияси туфайли Хитойдаги ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича 5 февраль куни амалга оширилган иккинчи рейс бўйича маълумот берди.

«Мамлакатимизнинг Пекиндаги Элчихонаси маълумотига кўра, ватанига қайтишни истаган 260га яқин ватандошларнинг дастлабки рўйхати тузилган.

Дипломатик ваколатхона томонидан Хитойнинг турли минтақаларида таҳсил олаётган 800дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар билан кун-у тун тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилган. Тушунтириш ишлари мунтазам равишда давом эттирилмоқда, хавфсизлик чоралари тўғрисидаги долзарб тавсиялар ҳамда ватандошларни олиб кетиш бўйича чораларнинг ҳар бир босқичи тўғрисида маълумотлар тизимли тарзда юборилди ва юборилмоқда, зарур ҳолларда турли масалаларни ҳал қилишда Хитой ҳукумати билан биргаликда ёрдам кўрсатилди.

Аввал 4 феврал куни Пекин шаҳри аэропортидан Тошкент шаҳрига чартер рейс билан 250 нафар Ўзбекистон фуқаролари олиб келиниб, карантинга жойлаштирилди.

Элчихона томонидан Хитой расмий идоралари, жумладан Хубей провинцияси маъмурияти билан биргаликда карантин ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларини босқичма-босқич эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Мазкур провинциядаги 20дан ортиқ манзилдан ҳамюртларимиз, асосан 14та олий таълим муассасаси талабалари Ухан шаҳри аэропортига етказилиб, 5 феврал куни эрталаб «Uzbekistan Airways» АЖнинг чартер авиарейси орқали Тошкентга олиб келинди.

Самолёт бортида 84 йўловчи, жумладан 79 нафар ватандошимиз ватанга қайтарилди. Қозоғистон томонининг сўровига биноан, мазкур самолёт бортида 5 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Хитойдан ортга қайтди. Уларнинг ҳам барчаси карантин даврида махсус жиҳозланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди», – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги билдиришида.

Хабарда режадаги учинчи рейс ҳақида маълумот келтирилмаган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top