14:36 / 19.02.2020
0
5396
Таълим, тиббиёт ва Орол – ТИКА ижрочи директори Ўзбекистондаги келгуси лойиҳалар ҳақида

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) Ўзбекистонга аввал қандай дўст бўлган бўлса, ҳозир ҳам ва келгусида ҳам шундай ишончли дўст бўлиб қолади, деб таъкидлади агентлик ижрочи директори Саркан Каялар.

Саркан Каялар Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари мазкур мамлакатга ташрифини амалга оширмоқда.

Анқара шаҳрида Шавкат Мирзиёев ташрифи бўйича тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда Туркияда бўлиб турган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 18 февраль куни Ўзбекистон ва Туркия томонларининг ҳукумат ва бизнес вакиллари ўртасида бир неча учрашув ва журналистлар учун матбуот анжуманлари ўтказилди.

Жумладан, Анқарада Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) ижрочи директори Саркан Каялар ҳамда ўзбекистонлик журналистлар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолияти ва режадаги лойиҳалар хусусида сўз борди.

– Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи ва унинг икки томонлама муносабатлар ривожига таъсири ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Аввало, журналист дўстларимизга хуш келибсиз демоқчиман. Бу ташрифни тарихий ташриф десак ҳам бўлади ва бундан жуда мамнунмиз. Президент Шавкат Мирзиёевни юртимизда кутиб олишимиз жуда муҳим воқеа. Хабарингиз бор, бу йил биринчи стратегик кенгаш ҳам бўлиб ўтади. Бу ташриф икки давлат муносабатларида жуда муҳим воқеа, туб бурилиш ясайдиган ҳодиса.

– Ўзбекистон ҳамда ТИКА ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида нима дея оласиз? Ҳамкорлик сўнгги йилларда қай даражада ривожланмоқда?

Туркиянинг ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги сифатида биз Ўзбекистонда 1993 йилдан буён фаолият олиб борамиз. Таълим, тиббиёт, малака ошириш каби бир неча йўналишларда мақсадли лойиҳаларни амалга оширдик. Президент Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон катта ўзгаришлар ва ривожланишлар даврини бошлади. Миллий тараққиёт стратегияси бўладими ёки бошқа истиқболли лойиҳалар бўладими, давлат раҳбариятини кўзлаган мақсадлар йўлида биз ҳам лойиҳаларимизни амалга ошириб келяпмиз.

Албатта, аввалги йилларга қараганда, сўнгги йилларда фаолиятларимиз кўрсаткичлари ҳам ўсиб бормоқда. Масалан, 2018 йилда икки давлат ўртасида туб бурилиш ясайдиган музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувлар бизнинг лойиҳаларимизга ижобий таъсир қилди. Аввалги йилларга таққослаганда, Ўзбекистонда катта миқдорда, диққатга сазовор лойиҳалар юритилди.

Хабарингиз бор, тез тиббий ёрдам машиналари кўмаги бўлди. Адлия вазирлиги билан ҳамкорликдаги тадбирларимиз бўлиб ўтди. Юзлаб давлат ходимларини кутиб олдик, Туркиядан ҳам делегацияларимиз сафар уюштиришди. Мирзиёев белгилаб берган тараққиёт йўлида биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшдик.

Бундан кейинги йилларда лойиҳаларимиз янада кўпайишига умид қиламиз.

Бугун Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари билан учрашувда ҳам ТИКА’нинг истиқболли лойиҳаларини маслаҳатлашиб олдик. Бу эса ўзбек қардошларимиз, дўстларимиз билан биргаликда янада самарали ишлашимизга имкон беради, деб ўйлайман. Келгусида таълим, тиббиёт соҳалари ҳар доимгидек, ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолади, қолаверса, Орол денгизи экологик инқирозининг яраларига малҳам бўлиш илинжида туркиялик дўстлар сифатида ТИКА воситаси билан кўмаклашишга интиламиз. Албатта, Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги учрашувларимизда сайёҳлар сони қанчалар ортгани билан танишдик, севиндик. Икки давлат учун ҳам аҳамиятга эга тарихий меросни Туркия номидан реставрация қилишни истардик. Келгусида Бухоро Аркидаги масжидни Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қайта таъмирлашни бошлаймиз.

Давлат раҳбарларининг бу учрашуви суҳбат бошида айтганимдек, туб бурилиш ясайдиган учрашув бўлишига ишонаман. Икки раҳбар ҳам жуда самимий ва илиқ муносабатдалар. Халқларимиз ҳам дўст ва қардош халқлар, бу муносабатларимизда ҳам акс этади. Жаноб Мирзиёевнинг Ўзбекистон учун қўйган мақсадлари йўлида биз ҳам Туркия сифатида, ТИКА сифатида ҳисса қўшишимизга ишончингиз комил бўлсин. Яна бир бор делегация аъзоларига миннатдорчилик билдираман.

– Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги Ўзбекистонда яна қандай йўналишлардаги лойиҳаларни режалаштирган?

– 2018 йилдан буён жуда кўп лойиҳаларни амалга оширдик. Албатта, Мирзиёевнинг йўл-йўриғи, икки давлат муносабатларидан келиб чиққан ҳолда кўп иш қилинди. Аввал айтганимдек, саломатлик соҳасидаги фаолиятимиз муҳим аҳамиятга эга ва бу йўналишда ишлашда давом этамиз. Таълим соҳасидаги лойиҳаларимиз ҳам давом этади.

Бундан ташқари, жамият бошқаруви соҳасида, айниқса, малака ошириш йўналишида Туркия ва Ўзбекистон орасида тажриба алмашинувини амалга оширмоқчимиз. Шу билан бирга, Самарқанд, Бухоро ва ёхуд бошқа бир жойда тарихий обидалар реставрациясини тезлаштирамиз. Яна касбий таълим йўналишида ҳам лойиҳаларимиз давом этиб келмоқда.

Бу фаолиятларимизда Ўзбекистон тегишли ташкилотлари билан доим ҳамкорликда иш олиб борамиз. Бугунги вазир ўринбосари билан учрашувимизда келгуси уч йилда олиб борадиган лойиҳаларимиз бўйича Ўзбекистондаги тегишли ташкилотни ҳам муҳокама қилдик. Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси ва ташаббуслари билан фаолиятимизда давом этамиз. ТИКА аввал қандай дўст бўлган бўлса, ҳозир ҳам келгусида ҳам шундай ишончли дўст сифатида фаолият олиб боради.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top