23:32 / 20.02.2020
0
8111
Трампнинг собиқ маслаҳатчиси уч йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум қилинди

У ёлғон кўрсатма бериш, АҚШ конгресси томонидан ўтказилган суриштирувга халал беришга уриниш ва гувоҳни қўрқитишда айбдор деб топилди. 

Рожер Стоун / Фото : EPA-EFE/SAMUEL CORUM

Вашингтон суди 2016 йилги сайловолди кампанияси даврида Дональд Трампнинг маслаҳатчиси бўлган сиёсий технолог Рожер Стоунни уч йилу тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Washington Post газетаси хабар бермоқда.

У ёлғон кўрсатма бериш, АҚШ конгресси томонидан ўтказилган суриштирувга халал беришга уриниш ва гувоҳни қўрқитишда айбдор деб топилди. 

10 февралда давлат айблови суддан уни етти йилу уч ойдан тўққиз йилгача озодликдан маҳрум этишни сўраганди. Президент Дональд Трамп бу сўровни танқид қилди. Эртасига адлия вазирлиги Стоунни камроқ муддатга озодликдан маҳрум этишни сўраб сўровнома киритди. Дастлабки сўровномани имзолаган тўрт нафар федерал прокурорнинг барчаси ушбу ишдан воз кечишини билдирди.

АҚШ конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси президентни ишга "сиёсий аралашув" ва мансабини суиистеъмол қилишда айблади. Трамп эса адлия вазирлигидан ҳукмга нисбатан қарашини ўзгартиришини сўрамаганини айтиб, бу ишга аралашганини рад этди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top