22:53 / 24.02.2020
0
3820
Коронавирус сабабли Европа ва АҚШдаги фонд биржаларида кескин пасайиш кузатилмоқда

АҚШ молия вазири Стивен Мнучиннинг фикрича, коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири тўғрисида гапиришга ҳали эрта. 

Фото: FTI Consulting

Коронавирус туризм ва қимматбаҳо буюмлар бозорига салбий таъсир қилиши мумкинлиги эҳтимоли боис Европадаги фонд индексларида 2016 йилдан буён энг юқори даражадаги пасайиш кузатилмоқда, деб ёзади Bloomberg.

Хусусан, Louis Vuitton Moët Hennessy (LVMH) акциялари 7,2 фоизга пасайган.

Лондондаги FTSE 100 фонд биржаси индекси 2,7 фоизга, Германиянинг DAX ва Франциянинг CAC 40 биржалари индекси 3,3 фоизга пасайди, деб хабар берди FT.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида кескин чоралар кўрилганидан сўнг Италиянинг FTSE MIB фонд биржаси индекси 4,4 фоизга тушиб кетди. Salvatore Ferragamo SpA бренди акциялари нархи 9,5, «Ювентус» футбол клуби акциялари нархи 11 фоизга арзонлашган.

Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият туризм бозорига ҳам таъсир кўрсатди. Stoxx 600 Travel and Leisure индекси 5,61 фоизга тушди. EasyJet PLC акциялари нархи 14, Ryanair —11, Air France-KLM акциялари нархи —  9,5 фоизга пасайди.

АҚШ акция бозори ҳам котировкалар пасайишига дуч келди. Dow Jones Industrial индекси 2,6, S&P 500 —2,55, NASDAQ — 3,0 фоизга тушди.  

Bank of America акциялари 4,5, Wells Fargo —2,1, JP Morgan Chase —3,1, Morgan Stanley —4,3, Citigroup — 4,5 фоизга арзонлашди. Инвесторлар коронавируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши глобал иқтисодиётни секинлаштириб қўйишидан хавфсирамоқда.

АҚШ молия вазири Стивен Мнучиннинг фикрича, коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири тўғрисида гапиришга ҳали эрта. 

«Вирус қандай тарқалишини кўриш, бизда яхши статистик маълумотлар бўлиши учун яна уч ёки тўрт ҳафта керак бўлади, деб ўйлайман», — деди у.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 78 минг нафардан ошиб кетган, 2,5 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top