12:26 / 06.03.2020
0
13060
ЕТТБ нима учун korzinka.uz улушини сотиб олгани тушунтирилди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) korzinka.uz супермаркетлар тармоғида Ўзбекистондаги бундай лойиҳаларда иштирокни ошириш мақсадида акциядорга айланди. Бу ҳақда банкнинг республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос маълум қилди.

Фото: Европа тикланиш ва тараққиёт банки

ЕТТБ Сингапур қонунлари асосида тегишлича ташкил топган ва Anglesey Food МЧЖга 100 фоиз эгалик қиладиган компания Anglesey Investments’га 40 миллион АҚШ долларгача капитал сармоя киритиб, компаниянинг кичик улушини сотиб оляпти.

«Биз хусусий секторни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Бу мамлакат бўйича стратегиямизнинг биринчи рақамли устувор мақсади. Ушбу лойиҳани бизнеснинг рақобатбардош бўлишида ёрдам бериш жуда муҳим деб ҳисоблаганимиз сабабли қўллаб-қувватладик. Бизнинг ёрдамимиз бизнес самарадорлиги ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Сармоя киритиб, биз бундай лойиҳаларда иштирокни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз ҳамда бунда ўз битимларимизда намуна бўламиз», - деди Дракинос.

Унинг сўзларига кўра, ЕТТБ ҳар доим миноритар акциядор сифатида иштирок этиш тамойилига амал қилади.

«Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 40 миллион долларгача сармоя киритишни режалаштирдик. Ҳозиргача 20 миллион йўналтирдик. Инвестициялар ўсиши билан компаниянинг қиймати ҳам ошади. Бизнинг инвестицияларимиз 25 фоизлик чегаравий қийматдан ортмайди», - дея қўшимча қилди у.

2019 йилда ЕТТБнинг 500 миллион евродан зиёд сармояси мамлакатдаги 13та лойиҳага киритилди ва шундан 9та лойиҳа хусусий секторга тегишли. Бугунги кунгача, ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 79 та лойиҳалар орқали 1,85 млрд. евро сармоя киритган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top