20:30 / 09.03.2020
11908
ССВ: Таниқли эксперт Ўзбекистонда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда ёрдамлашмоқда

Таниқли эксперт, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда ёрдамлашмоқда.

«Михаил Фаворов Халқаро вакцина институти бош директорининг ўринбосари сифатида дунёда турли инфекцияли касалликлар, жумладан, папиллома вируси, вабо, грипп, пневмококк ва менингокок каби қатор оғир турдаги юқумли инфекцияларнинг олдини олиш, профилактикаси, ташхиси ва уни замонавий даволаш усулларини қўллаш борасида катта тажрибага эга таниқли мутахассис ҳисобланади.

У жаҳонда эмлаш дастурларини самарали тақдим этган олим сифатида ҳам таниқли. Шу боис ҳам юқумли касалликларнинг оғирлигини баҳолаш бўйича тадқиқотлар, шунингдек, вакцинацияларнинг мақсадга мувофиқлиги ва таъсирини баҳолаш бўйича лицензияланган клиник эмлаш синовлари ва уни татбиқ этиш лойиҳаларининг фаол иштирокчиси сифатида ҳам фаолият юритиб келади.

Михаил Фаворов Америка микробиология уюшмаси аъзоси, Соғлиқни сақлаш ва эпидемиология бўйича халқаро эксперт бўлиб, 40 йиллик умрини дунёнинг турли ҳудудларида юқумли касалликларни ўрганиш ва олдини олиш соҳасига бағишлаган. 100дан ортиқ долзарб илмий ишлар муаллифидир.

У шу кунларда халқаро мустақил эксперт сифатида юртимизда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида фаолият олиб бораётган Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатимиздаги ушбу соҳага ихтисослашган даволаш муассасаларидаги тиббиёт ходимларига ҳам консультатив ёрдам кўрсатмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бундан аввалроқ, ЖССТнинг коронавирус бўйича экспертлари Ўзбекистонга келиб, вазиятга баҳо беришаётгани хабар қилинганди.

  • 9 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси кириб борган мамлакатлар сони 104тага етган, бутун дунёда 111 753 кишида вирус аниқланган, вирус қурбонлари сони 3888 нафарни ташкил қилмоқда.
Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top