15:49 / 10.03.2020
6221
Жириновский 2024 йилдан президентни Давлат кенгаши қарори билан тайинлашни таклиф қилди

ЛДПР етакчиси давлат раҳбарини "сартарошлар, манекенлар, дарахт кесувчилар" танламаслиги кераклигини айтди. У бундай тартибни 2024 йилдан бошлаб киритишни таклиф қилмоқда

Фото: РИА Новости / Илья Питалев

Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) раиси Владимир Жириновский мамлакат президентини сайлаш тартибини ўзгартиришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, 2024 йилдан бошлаб давлат раҳбарини тайинлаш ҳуқуқини тавсия этилган энг яхши номзодни танлайдиган Давлат кенгашига топшириш керак.

“Ҳар олти йилда олти ой давомида мамлакатни силкитишни бас қилинг. Сайловларга сартарошлар, манекенлар, дарахт кесувчилар боради. Бизда конституциявий орган - Давлат кенгаши мавжуд. У ерга мамлакатдаги энг яхши олимлар, депутатлар, вазирлар, губернаторларни тўплаш керак. Уларнинг барчаси сайланган. Давлат раҳбари ким бўлишини улар ҳал қилсин”, - деди Жириновский “Россия 24” телеканали эфирида.

Унинг сўзларига кўра, президент Давлат кенгаши йиғилишида тайинланиши керак. Давлат кенгаши эса ҳукумат, илм, жамоатчилик вакилларидан ташкил топиши лозим бўлади.
“Энг обрўли 40-50 кишини тўпласа бўлди, улар бир неча соат ичида президентни сайлашади”, — деди Жириновский.

ЛДПР етакчисининг айтишича, президент сайлашнинг ҳозирги тартиби “таҳқирлаш” холос.

Жириновский шунингдек Россия конституциясига тузатишлар киритилганидан сўнг Давлат думасига навбатдан ташқари сайловлар ўтказишни таклиф қилди.

Бугун Давлат думасида Россия конституциясига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилади. Қонун лойиҳаси эртага, 11 март куни учинчи ўқишдан сўнг Федерация кенгашига юборилади.

Шу йилнинг 15 январида Россия президенти Владимир Путин мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.

Top