14:03 / 11.03.2020
0
4029
Mercy Corps Ўзбекистонда яна давлат рўйхатидан ўтказилди

Филиал АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда таълим ва болалар овқатланиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари” лойиҳасини 2020-2025 йилларда амалга оширишни режалаштирмоқда

2020 йил 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Mehribonlik Korpusi (Mercy Corps)нинг (АҚШ) Ўзбекистондаги филиали давлат рўйхатидан ўтказилди.

Филиал уставига мувофиқ, унинг асосий мақсадларидан бири қишлоқ ва шаҳарлардаги оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида хусусий, давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш ва янада мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасаларининг ўқитиш, мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилаш учун Ҳукумат билан ҳамкорликда таълим сифатини оширишдир.

Филиал АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда таълим ва болалар овқатланиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари” лойиҳасини 2020-2025 йилларда амалга оширишни режалаштираётганлигини билдирди.

Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилашга мўлжалланган.

Филиалнинг фаолияти асосан қишлоқларда ва имконияти чекланган ҳудудлардаги 410та мактабгача таълим муассасаларига йўналтирилган бўлиб, ушбу муассасаларда таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилади, шунингдек, улар сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.

Mehribonlik Korpusi Ўзбекистонда 10 йил аввал ўз фаолиятини тўхтатганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top