07:25 / 17.03.2020
4262
Трамп АҚШда умуммиллий карантин киритиш режалаштирилмаётганини маълум қилди 

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус тарқалиши сабабли мамлакатда умуммиллий карантин киритиш режалаштирилмаётганини, бироқ вазият номақбул бўлган баъзи ҳудудларда киритилиши мумкинлигини айтди.

Фото: REUTERS

“Айни вақтда умуммиллий даражада эмас. Бироқ мамлакатда коронавирусга қарши кураш самарали олиб борилмаётган баъзи жойлар бор. Биз муайян жойлар, “қайноқ нуқталар”да карантиннинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқишимиз мумкин”, деб айтган Трамп.
 
АҚШ президентининг таъкидлашича, ҳукумат коронавирус тарқалиши олдини олиш учун одамларни 10 нафардан кўпроқ бўлиб йиғилмасликка ва фуд-кортларда овқатланмасликка чақирган.

“Биз тавсияларни янада қатъийлаштиришга қарор қилдик. Маъмуриятим барча америкаликларга, жумладан навқирон ва соғломларга, уйдан туриб ишлаш ва ўқишни, иложи бўлса 10 кишидан каттароқ гуруҳлардан қочишни, кераксиз сафарларни амалга оширмасликни, бар, ресторан ва фуд-кортларга ташриф буюрмасликни тавсия қилади”, деб айтган Трамп журналистларга. 

Президент коронавируснинг қисқа вақт ичида дунё бўйлаб бундай кенг тарқалиб кетишини ҳайратланарли деб атаб, тавсия қилинаётган чоралар касалликни енгишда ёрдам беришини айтган. 

Трампнинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар бир неча ҳафта давом этади.

Айни вақтда АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 4667 нафарни, вафот этганлар 87 нафарни ташкил қилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top