19:32 / 29.03.2020
14500
«5 дақиқа қоидаси». Корея ёнғин хавфсизлиги хизмати қандай ишлайди?

Ёнғин – кутилмаганда содир бўлувчи фавқулодда ҳолат, энг даҳшатли офатлардан бири. Шунинг учун ҳам ёнғин хавфсизлиги қоидалари болаликдан ўргатиб келинади.

Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Ҳонгсеонг шаҳридаги ёнғин станциясининг бош идорасида бўлиб, юқори тараққиётга эришган ушбу мамлакатда ёнғин хавфсизлиги хизмати қандай ишлаши ҳақида ҳикоя қилади.

Идора ходимлари репортаж тайёрлашимиз учун бир кунлик махсус дастур тайёрлаб қўйишган экан. Аввалига, биз Ҳонгсеонг ёнғин станцияси раҳбари Ли Сок-Чул билан учрашдик. У идора тарихи, Кореяда ёнғин хавфсизлиги тизими фаолияти ҳамда асосий бўлинмалар ҳақида маълумот берди.

Ли Сок-Чул

 

Унинг айтишича, Кореяда ёнғинга қарши курашиш тизимининг тарихи XV аср – Чосон сулоласи даврига бориб тақалади.

«Жанубий Кореяда Миллий Ёнғин хизмати Жамоат хавфсизлиги ва муҳофазаси вазирлиги тасарруфида бўлиб, биз каби Ёнғин хавфсизлиги идоралари вилоят Ёнғин бош бошқармаси қошида фаолият олиб боради. Ҳар бир бошқарма қошида ўт ўчирувчиларни тайёрлайдиган Миллий Ёнғин хизмати академиялари фаолият юритади.

Биз ўзбекистонлик ёнғин хавфсизлиги хизмати вакиллари билан ҳамкорлик қилишга ва ўзаро тажрибалар алмашишга ҳамиша тайёрмиз» – дейди Hoengseong Ёнғин идораси раҳбари жаноб Ли.

Саёҳатимиз давомида шаҳарнинг марказий бозорида бўлдик. Бу ерда ўт ўчирувчилар томонидан аҳоли учун махсус «Fire Campaign» (ёнғин кампанияси) ўтказилди: ёнғин хавфсизлиги батальони раҳбари бошчилигида 30га яқин кўнгилли ўт ўчирувчиларга махсус эслатмаларни тарқатиб чиқишди. Шунингдек, Кореянинг Сеоллал байрами арафасида бўлгани учун аҳолига ажойиб совға – ёнғин хавфини аниқловчи детектор ҳам улашилди.

Демак, Кореяда кўнгилли ўт ўчирувчилар ҳам ёнғинларни бартараф этишда кўмаклашиши мумкин экан.

Ёнғин станцияси ходимлари билан суҳбатлашиб, бизни қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик. Биринчи суҳбатдошимиз қутқарув ва Тиббий хизмат жамоаси етакчиси, Ёнғин маршали Кванг-мо Чой (최광모) бўлди.

Кванг-мо Чой (ўнгда)

Ёнғин хавфсизлиги хизматига ишга кириш учун қандай талаблар бор?

– Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимига айланиш учун 3 босқичдаги махсус имтиҳондан ўтиш керак. Булар – ёзма (40 фоиз), жисмоний имтиҳон (30 фоиз) ҳамда интервью (30 фоиз).

Ёзма имтиҳонда қонунлар, ёнғин фани, инглиз тили ва Корея тарихи бўйича саволлар бўлади.

Жисмоний имтиҳонда бўлажак ўт ўчирувчиларнинг жисмоний ҳолати, қутқарув хизматига лаёқатлилиги бир неча машқлар ёрдамида синовдан ўтказилади.

Шунингдек, синовдан муваффақиятли ўтишда номзоднинг руҳий ҳолати ҳам катта рол ўйнайди.

– Ёнғинни ўчириш пайтида ўт ўчирувчи вафот этса, унинг яқинларига қандай компенсация тўланади?

– Агарда ўт ўчирувчи ёнғин вақтида жиддий жароҳат олса, унинг даволаниши ва касалхона тўловлари барчаси давлат зиммасига юкланади. Бироқ нохуш вазият юзага келиб, ўт ўчирувчи хизмат вақтида вақтида вафот этса, аввало, унинг ҳамкасблари ҳамда Ёнғин станцияси бош бошқармалари томонидан маблағ йиғилади ва оила аъзоларига мардонавор хизматлари учун миннатдорчилик сифатида тақдим этилади.

Шунингдек, станция билан бирга фаолият юритувчи ҳомий компаниялар ҳам донор сифатида катта пул ажратишади.

Марҳумнинг оиласи ҳар ой ўт ўчирувчининг нафақа пулини ҳам олишади. Давлат томонидан нафақадан ташқари, ярим миллион доллар ҳисобида бир марталик нақд пул ҳам ажратилади.

Агарда ўт ўчирувчининг оиласи «Миллат ватанпарварлари» тизимидан рўйхатдан ўтишган бўлишса, улар давлат томонидан жуда кўп манфаатли ёрдамлар, жумладан, олийгоҳларга кириш, ишга жойлашишдаги имтиёзлар, кичик тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун махсус жамғармаларга эга бўлиши мумкин.

– Ўт ўчирувчилар ёнғин жойига қанча муддатда етиб келиши керак?

– Ҳукумат томонидан ўт ўчирувчилар воқеа жойига етиб келиши учун аниқ бир вақт белгилаб қўйилмаган. Бироқ Кореяда ўт ўчирувчилар «5 дақиқа қоидаси» асосида ишлашга ҳаракат қилишади.

Баъзан чекка ҳудудларга етиб бориш учун 20-30 дақиқа вақт талаб этилади. Мана шундай вазиятларда ўт ўчирувчилар ўша ҳудудлардаги ёнғин хавфсизлиги волонтёрларига мурожаат қилишади.

Кореяда волонтёрлик тизими яхши йўлга қўйилган бўлиб, ҳудудларда фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича саводхонлигини ошириш бўйича турли ўқув тренинглари, ёнғин кампаниялари ўтказилади. Асосий мақсад – табиий офат ва ёнғин ҳолатларида аввало фуқароларнинг ўзлари дастлабки чораларни қўллаши лозимлигини тушунтириш, аҳолининг жавобгарлигини оширишдир.

Эътиборимизни тортгани, бу ерда нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам ўт ўчирувчи бўлиб хизмат қилишар экан. Суҳбатимизни ёнғин станциясидаги энг ёш ўт ўчирувчи қиз Ким Да-Ён (김다연) билан давом эттирдик.

Ким Да-Ён

«Мен ёнғин маркази бўлинмасида ўт ўчирувчи бўлиб ишлайман. Асосий вазифам – одамлар ва уларга тегишли мол-мулкни ёнғиндан ҳимоя қилиш ҳамда алангани ўз вақтида ўчиришдир. Бу касбни танлашимга инсонларга ёрдам бериш орқали уларнинг ҳаётига ижобий таъсир этишни исташим сабаб бўлган. Мазкур жамоага ишга кирганимда эндигина бир йил бўлди. Шу вақтга қадар 10дан ортиқ ёнғин ҳодисаларни бартараф этишда иштирок этганман», – дейди у.

Бу соҳада ишлашда қандай қийинчиликларга дуч келасиз?

– Ёнғинга қарши курашиш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолиш мен учун қийин эмас. Бироқ касбимдаги энг катта қийинчилик – бу инсонларнинг аёл ўт ўчирувчига бўлган муносабатидир. Баъзан иш вақтида қутқариш учун бирон бир манзилга борилганда инсонларнинг менга нисбатан билдираётган ишончсизлиги, асоссиз мулоҳазалардан қийин аҳволга тушаман. Кўпчилик ҳали ҳам мен каби ёш қизни ўт ўчирувчи тимсолида кўришга кўникмаган. Шу сабабли, доимо мана шундай нотўғри тушунчаларда юрувчи инсонларни ишончини оқлашга ва вазифамни тўлақонли бажаришга ҳаракат қиламан.

– Бу касбни танлашингизга ота-онангиз қандай муносабатда бўлишди?

– Аввалига ўт ўчирувчи бўлишимга қарши бўлишди. Лекин мен уларга мақсадим жиддий эканлигини айтиб, розиликларини олдин. Ҳозир ҳам уларга қилаётган ишларимни тафсилотини айтиб, таништириб бораман. Вақт ўтгани сайин, улар қарорим қанчалик тўғри бўлганини тушунишмоқда.

Ҳонгсеонг ёнғин станциясининг тажрибали шошилинг тиббий хизмат ходими, ўт ўчирувчи Жин Юн-Шик (진윤식) хизмат вақтида ходимлар қандай замонавий технологиялардан фойдаланишлари ҳақида маълумот берди:

Жин Юн-Шик

«Ҳар битта ёнғин чақирувидан сўнг, ўт ўчирувчи бу ҳақида ҳисобот бериши керак. Шу сабабли, ҳар бир ўт ўчирувчи ҳамда қутқарувчида махсус таблетлар берилган бўлиб, у орқали барча фавқулодда вазиятлардан хабардор бўламиз.

Қутқарув машинасида доимо беморга қаровчи иккита тиббий ходим ҳамда ҳайдовчи бўлади. Шунингдек, ходимларда махсус GoPro камера ҳам мавжуд. Сабаби, биз иш фаолиятимизда турли хил инсонларга дуч келамиз. Баъзида улар шошилинч тез ёрдам ходимларига ҳужум қилишлари ёки маст ҳолда бўлишлари мумкин. Камералар эса аниқ вазиятни муҳрлаб олишга ёрдам беради.

Яна бир қурилма – бу онлайн мулоқот учун махсус телефон бўлиб, баъзан биз зудлик билан шифокор маслаҳатига зарурият сезамиз. Ушбу мобил илова орқали шифокорлар билан жонли мулоқот қилиб, керакли амалиётларни ўтказиш, дори воситаларини қўллаш бўйича кўрсатмалар оламиз».

Маълум бўлишича, тез ёрдам хизмати мутлақо бепул бўлиб, агарда чет эллик фуқаролар ёрдамга муҳтожлик сезишса, бироқ корейс тилини билишмаса, махсус таржимонлар уларнинг тилини таржима қилишга ёрдам беришади.

– Тез ёрдам ходимининг кундалик иш тартиби қандай?

– Кунни тез ёрдам машинасини текширишдан бошлаймиз. Кейин административ бўлинмага вазиятлар ҳақида баёнот берилади. Ҳар бир ходим кунлик белгиланган машқларни бажаради. Агар чақирувлар бўлмаса, бўш вақтлари дам олиш хонасида ухлаб олиш ёки ташқарида айланиш ҳам мумкин. Шунингдек, «Cyber Academy» масофавий таълим тизимида илғор тажрибаларни ўрганиш учун онлайн дарслар ташкил этилади.

 

Сўнгги суҳбатдошимиз ёнғин хавфсизлиги лейтенанти, қутқарувчи Канг Бюнг-Ил (강병일) бўлди:

Канг Бюнг-Ил

«Мен Ҳонгсеонг ёнғин станциясида 18 йилдан бери қутқарувчи-ўт ўчирувчи сифатида фаолият юритиб келаман. Қутқарувчилар жамоаси автоҳалокатлар, сув тошқини, ёнғин, зилзила каби кутилмаган вазиятлардаги қутқарувларга жавобгардир. Шунингдек, биз ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этаётган вақтда инсонларни ёнғиндан асраб қолишга ҳам масъулмиз.

Бир йиллик маошим 65-75 миллион вон (50-60 минг доллар) атрофида».

– Фаолиятингизда қандай мураккаб вазиятларга дуч келасиз?

– Баъзан кўплаб кутилмаган вазиятлар бўладики, улар олдида ўзингизни ожиз сезасиз. Мен касбимдаги энг катта қийинчилик ҳам – қутқарув вақтида имконсиз қолиш.

Бундан 6 йил аввал ёзда шиддатли ёмғир ёғиб, катта сув тошқинига сабаб бўлган. Биз дам олиш ҳудудидаги одамларни қутқариш учун борганмиз, бироқ тошқин оқими жуда ҳам кучли бўлиб, одамларни қутқара олмайман, деб жуда ҳам қўрққанман. Хайриятки, ёрдамга етиб келган волонтёр-қутқарувчилар ёрдами билан тошқин ичида қолган барча инсонни ҳаётини сақлаб қолганмиз. Бироқ ман шу воқеа хотирамда мухрланиб қолган. Ҳатто, баъзида уйқусизлик ҳам безовта қилади.

– Сиз танлаган касбга оила аъзоларингиз, фарзандларингиз қандай қарашади?

– Фарзандларим мен билан жуда ҳам фахрланишади. Турмуш ўртоғим эса мендан доим хавотирда, у мен қаттиқ жароҳат олишимдан қўрқади. Ўғилларим менинг касбимни давом эттиришларини жуда ҳам хоҳлайман.

Жанубий Кореяда тўлиқ иш вақти билан фаолият олиб борувчи ўт ўчирувчилар, қутқарувчилар ва тез ёрдам ходимлари учун дам олиш кунлари, байрам деган тушунчалар йўқ. Улар фақатгина бир йил давомида 20 кунлик меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга.

Феруза Авазова тайёрлади.

Top