17:07 / 14.04.2020
10905
Коронавирус сабабли жаҳонда чой етказиб бериш хавф остида қолганлиги маълум қилинди

Коронавирус тарқалиши сабабли Ҳиндистон ва Кенияда қабул қилинган чеклов чоралари жаҳонда чой етказиб бериш ҳажмига хавф солмоқда, деб ёзади Financial Times.

Фото: Financial Times

Ҳиндистонда чеклов чоралари 25 мартдан 14 апрелгача киритилганди, аммо сешанба куни мамлакат бош вазири Нарендра Моди чекловлар 3 майгача узайтирилишини эълон қилди.  

Қайд этилишича, Ассам ва Даржилинг ҳудудларида чой ҳосилини йиғиб олиш мавсуми бошланган вақтда иқтисодий фаолият тўхтатилган.  

"Биз кўп миқдордаги ҳосилни йўқотяпмиз. Аксарият хўжаликлар жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда", деди Tea Board of India ташкилоти раҳбари Прабхат Безборуах.

Warren Tea компанияси президенти Вивек Гоенканинг сўзларига кўра, даржилинг чойининг биринчи ҳосили йўқотилган, тез вақт ичида фаолият бошланмаса, иккинчи ҳосилдан ҳам айрилиш мумкин.

Африкадаги чой ишлаб чиқарувчи давлатлар, хусусан Кенияда пандемия боис маҳсулотни плантациядан портларга етказиб бериш издан чиққан, деб ёзади Minitec таҳлилчиси Иби Идонибойе.  

Кения ҳукумати ўтган ҳафтада уч ҳафталик чеклов чоралари жорий этилишини эълон қилди.

Инқирозга қадар чой ишлаб чиқариш соҳаси таклифнинг кўплиги ва нархлар тушиши муаммоларига дуч келганди. Март ойида Кения, Ҳиндистон ва Шри-Ланкада экспорт нархлари кейинги 11 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди. Чой ишлаб чиқарувчи компаниялар пандемия сабабли даромаднинг камайиши вазиятни янада ёмонлаштиришидан хавфсирамоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top