16:44 / 23.04.2020
2393
Интилувчан ёшларни тарбиялаётган маскан

«Юксак ниятларга етишни мақсад қилган ва бу йўлда ҳеч иккиланмай ҳаракат қилган инсон, охир-оқибат ўзи истагани ва кутганидан ҳам зиёдига эришади. Бунга шубҳа қилма, чунки бу сўзларим ҳаётда тасдиғини топган» - деб ёзган эди «Фарзанднома» китобининг муаллифи Обиддин Маҳмудов.

Бу нечоғлик ҳақ гап эканлигини Жиззах давлат педагогика институти академик лицейи жамоаси амалда исботлаб келмоқда. Улар ўз олдиларига ана шундай мақсадларни режа қилиб қўйган ва буни уч йилдирки шараф билан уддаламоқдалар. Ёрқин мисол – халқаро миқёсда ўтказилаётган фан олимпиадалари.

Фото: 19 февраль, 2020 йил.
Фото: 12 март, 2020 йил.
Фото: 12 март, 2020 йил.
Фото: 12 март, 2020 йил.

Жорий йилнинг 8-9 февраль кунлари ватанимиз пойтахтида Россиянинг НИЯУ МИФИ университети томонидан 14 ёшдан юқори мактаб, лицей ўқувчилари учун мўлжалланган математика ва физика фанларидан РОCAТОМ халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда Россия, Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон ва она юртимиз – Ўзбекистондан математик иқтидор эгалари иштирок этишди. Нуфузли олимпиадада ЖДПИ академик лицейи Aниқ фанлар (техник) йўналиши II босқич 204-гуруҳ ўқувчиси Вафо Тоғаев муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди ва бу университетнинг талабаси бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

2020 йилнинг 5 апрель куни «Ҳамжиҳатлик формуласи – учинчи минг йиллик» халқаро математика олимпиадасида ватанимизнинг ақл гимнастикачилари муносиб қатнашиб, иккита кумуш, олтита бронза медалини қўлга киритдилар ва ўзларини буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканлигини яна бир исботлаб бердилар. Ушбу олимпиада биринчи марта 2001 йилда ўтказилган. Ўзбекистонлик ўқувчилар илк маротаба 2016 йилда қатнашган ва бир нечта кумуш, бронза медалларига сазовор бўлишган.

Бу нуфузли олимпиада икки босқичдан иборат: биринчи саралаш босқичи масофавий шаклда ўтказилади. Иккинчи – якуний босқич эса ҳудудий майдонларда ташкил этилади. Мазкур олимпиадада бутун дунёдан энг иқтидорли 5-11 синф ўқувчилари бепул қатнашиш ҳуқуқига эга. Жорий йилда иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор миллий ва хорижий тажрибаларни оммалаштириш, улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш, умумий ўрта таълим мактаблари ва академик лицей ўқувчиларини ўқитувчилик касбига йўналтириш мақсадида «Ҳамжиҳатлик формуласи – учинчи минг йиллик» халқаро математика олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Фото: Архив
Фото: Архив
Фото: 15 январь, 2020 йил.
Фото: 15 январь, 2020 йил.

Унда Низомий номидаги ТДПУнинг вакилларининг иштироки таъминланди. Бунга Леонид Эйлер номидаги математикани қўллаб-қувватлаш Халқаро жамғармасининг 2019 йил 1/10-сонли расмий мурожаати асос бўлди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, бу йили олимпиаданинг саралаш босқичида 30та давлатдан 4000га яқин ўқувчилар қатнашиб, уларнинг ичидан энг юқори натижаларни кўрсатган 1577 нафар ўқувчи якуний босқичга таклиф қилинган.

Ўзбекистонлик ўқувчилар учун олимпиаданинг якуний босқичи Петр Великий номидаги Санкт-Петербург политехника университети ректори ва «Ҳамжиҳатлик формуласи – учинчи минг йиллик» халқаро математика олимпиадаси ташкилий қўмитаси раиси томонидан тасдиқланган Низом ва регламенти талаблари асосида Тошкент давлат педагогика университетида жорий йилнинг 28-февралида ташкил этилди. Унда Республикамизнинг энг иқтидорли 70 нафар ақл соҳиблари иштирок этишди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу нуфузли олимпиадада халқаро математика олимпиадаси (IMS) ғолиблари ҳам бор.

Бу халқаро танловнинг очилиш маросимида иштирокчилардан ташқари, ТДПУ ректори A.Умаров, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Б.Aбдуллаева, физика-математика факультети декани Ғ.Жабборов, Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти раҳбари У.Раҳмонов, Халқаро математика олимпиадасининг Ўзбекистондаги координатори Ш.Исмоиловлар иштирок этишди. Шаффоф тарзда ўтказилган олимпиаданинг ёзма ишлари шу куни шифрланиб, ташкилий қўмитага юборилди ва уларни баҳолаш халқаро ҳакамлар томонидан амалга оширилди.

Фото: 12 март, 2020 йил.
Фото: Архив
Фото: 9 январь, 2020 йил. Олмаота шаҳри.

Унда ТДПУ «Умумий математика» ва «Математика ва уни ўқитиш методикаси» кафедралари профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этишди. Натижалар умумлаштирилгандан сўнггина эълон қилинди. Қувонарлиси шуки, ушбу халқаро олимпиадада она-Ватанимизнинг иқтидор эгалари иккита кумуш, олтита бронза медалини қўлга киритиб, ватанимиз байроғини яна бир бора кўкларга кўтардилар. Уларнинг етти нафари бухоролик мактаб ўқувчилари бўлса, саккизинчиси жонажон лицейимизнинг ифтихори – Вафо Тоғаевдир. У ушбу нуфузли танловда фахрли III ўринни қўлга киритиб, лицейимизга яна бир бронза медалини туҳфа этди.

Лицейимизнинг мавқеини иқтидорли ўқувчиларимиздан ташқари, шу иқтидор эгаларини вояга етказувчи салоҳиятли ўқитувчилар ҳам кўкларга кўтармоқдалар. Улар ўқувчиларга дарс берибгина қолмай, ўз устларида мунтазам ишлаб, Республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган илмий конференцияларда қатнашиб, шунингдек, халқаро журналларда ўзларининг илмий мақолаларини эълон қилмоқдалар. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари: Тўлқин Холжўраев, Сайёра Холқўзиева, Гулмира Кўчимова; биология фани ўқитувчилари: Дилором Бакирова, Гулзода Холжўраева; тарих фани ўқитувчилари: Баҳром Орзиқулов ва Гулбаҳор Орзиқулова; хорижий тил фани ўқитувчилари: Максим Жучков, Дилафрўз Умарова, Зуҳра Ғоипова, Шахноза Солиева, Мадина Жабборова, Малика Тилабова, Сабина Гадоева, Aдолат Болтабоеваларни бу борада фахр билан тилга олса бўлади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Муиниддин Жувайний айтганидек: «Қобилият эгасининг бошини силамаслик – золимлик, истеъдоди йўқни тарбиялаш – жоҳиллик». Шундай экан, илмий изланиш йўлида халқимизнинг қора кўзлари учун бор иқтидоримиз ва билимимизни аямайлик, қадрли устозлар!

Жиззах давлат педагогика институти академик лицейи Хорижий тиллар кафедраси мудири Озода Ҳайдарова, Она тили ва адабиёт кафедраси мудири Тўлқин Холжўраев.

Top