13:56 / 27.04.2020
13623
Германия пандемияга қарши қандай курашмоқда? Юртдошлар билан интервью

Германия бугунги кунда пандемияга қарши самарали курашаётган давлатлар орасида етакчилик қилмоқда. У айни дамда коронавирус билан касалланган давлатлар рўйхатида 5-ўринда бўлса-да, Европа мамлакатлари ва АҚШга солиштирганда Германияда ўлим кўрсаткичи паст бўлиб, тузалганлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Германия “COVID-19” пандемиясига қарши қандай кураш олиб бормоқда? Мамлакат аҳолиси карантин режимини қандай ўтказмоқда? Ҳукумат томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Германияда яшайдиган ўзбекистонлик Шамсиевлар оиласи билан боғландик.

Маълумот ўрнида: Наргиза Шамсиева, DAAD стипендианти, Гёттингендаги Georg-Avgust университети Маданиятлараро германистика йўналишида магистратура босқичида таҳсил олади.

Нодирбек Шамсиев дастурчи-муҳандис (software Engineer) бўлиб, Германиядаги Швеция молиявий технологияга ихтисослаштирилган компаниясида ишлайди.

“Мамлакатда ўлим сони кўп эмаслигига турли омиллар таъсир кўрсатмоқда, деб айта оламан. Биринчидан – бу немис халқининг маданияти ва пандемия ҳолатида ўзини қўлга ола билгани. Ангела Меркел карантин бошланганида аҳолига расмий мурожаат билан чиққан эди, яъни хавотирга тушмасдан, авваламбор қариялар саломатлигига эътибор қаратиш лозимлиги ҳамда вирусга аҳолининг 70 фоизигача чалиниши мумкинлигини олдиндан эълон қилган эди. Ҳукумат томонидан ҳар бир ҳудуд, ҳар бир туманда ўз вақтида керакли чора-тадбирларни кўриб чиқди. Иккинчи омил – бу Германияда тиббиётнинг илғор ривожлангани. Ҳаттоки, Буюк Британия бош вазири ҳам Германия соғлиқни сақлаш тизимидан жуда кўп нарса ўрганиш лозимлигини қайд этиб ўтган”, дея таъкидлайди Нодирбек.

“Шунингдек, Германияда сиёсий тизим бироз бошқача тузилган бўлиб, ҳар бир федерал ўлка ўз ҳудудидаги мавжуд шарт-шароитга қараб, мустақил тарзда чоралар кўриши мумкин. Масалан, коронавирус эпимаркази ҳисобланган Шимолий Вестфалияда кириш-чиқиш мутлақо тақиқлаб қўйилди. Берлинда кўчага фақат икки бўлиб чиқиш жорий қилинган бўлса, бошқа ўлкаларда эса олти нафаргача рухсат бор. Шу сабабли ҳар бир федерал ўлка ўз талабларидан келиб чиқиб, карантин тартибини белгилаган”,  деб қўшимча қилди Наргиза.

Суҳбатдошларимизнинг қайд этишича, карантин эълон қилиниши ўқиш ва иш фаолиятига таъсир кўрсатмаган. Наргиза дарслар онлайн режимга ўтгани ва университет томонидан талабалар қулайлиги учун имтиҳон ва ёзма топшириқлар топшириш вақти узайтирилганини айтиб ўтди. Бироқ аниқ ва табиий фанлар йўналишида таҳсил оладиган талабалар учун янги тажриба, лаборатория ишларини уйда ўтказиш имконияти йўқлиги сабабли онлайн дарсларга норозилик билдиришган.

Наргиза Шамсиева ва Нодирбек Шамсиев

Нодирбекнинг иш фаолиятида ҳам ҳеч қандай узилишлар кузатилмаган бўлиб, компаниядан керакли ускуналар ва иш қуролларини олиб, уйдан ишлашда давом этмоқда.

“Коронавирус ривожланган давлатлар иқтисодиётига жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, бу пандемия ҳолатидан тезроқ чиқиб кетиш зарур. Лекин муаммо шундаки, бу касалликнинг ечими йўқ ва ҳозирда тиббий вакцина яратилмагани учун коронавирус инсониятга хавф солаверади. Биз ижтимоий масофаланишни сақлаш, кўчаларда қўлқоп ва ниқоб билан юришга мажбурмиз. Агарда чегаралар очиб юборилса, бу вирус яна умумий вирус тизимига қўшилиб, авж олади. Масалан, Швеция чегараларини ёпмади, сабаби агар чегаралар ёпилса, бу мамлакат иқтисодиётини инқирозга олиб келиши мумкин. Бироқ шифокорлар, экспертлар, аҳоли фикрига қулоқ тутсак, улар чегарани ёпиш зарурлигини қайд этиб, сиёсатчилар билан бахс олиб боришмоқда”, дейди Нодирбек.

Шунингдек, Нодирбек карантин вақтида супермаркетлардан топиш қийин бўлган маҳсулотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: “Қизиғи шундаки, Германияда коронавирусга чалинганлар сони тобора ортиб, карантин эълон қилинганда супермаркетларда биринчи ўринда  ҳожатхона қоғози билан макарон, консерва маҳсулотлари йўқолишни бошлади. Биз ҳар куни ҳамкасбларим билан шу ҳақда суҳбатлашиб, ҳайрон бўлардик: бирон-бир маҳсулотга танқислик сезмайдиган ривожланган давлат, нима учун айнан шу маҳсулотларни сотиб олишга шошишмоқда? Кейин эса шундай хулосага келдим. Рафиқам айтганидек, Германияда одамлар икки тоифага – ўта хавотирга тушадиган ва ўта вазминларга бўлинади. Бизга ўхшаган вазмин одамлар уларнинг бу ҳаракатларига тушунмадик. Ҳозир буни эслаш жуда ҳам кулгили. Лекин мана шундай маҳсулотларни ҳаддан зиёд кўп сотиб олган кишилар бу қилиқларидан уялишлари керак. Сабаби, уларнинг бу ишлари ёши катта инсонларни катта ноқулайликларга олиб келди”.

Суҳбат давомида Германияда аҳоли томонидан қарияларга қандай ёрдам акциялари ўтказилгани ҳам айтиб ўтилган. Интервьюни тўлиқ шаклда Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Феруза Авазова суҳбатлашди. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top