09:13 / 05.05.2020
8036
Мис кабелларни талон-торож қилган шахслар аниқланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг апрель ойи бошларида номаълум шахслар Навоий вилояти Кармана тумани “Уйрот” маҳалласида қурилиш ишларини олиб бораётган қурилиш компаниясининг участкаси ҳудудига девор орқали ғайриқонуний равишда кирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар омборхонада мавжуд бўлган узунлиги 632 метрни ташкил этувчи, нархи 8 468 АҚШ доллар бўлган мис кабелларни яширин равишда талон-торож қилиб ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни 28 ёшли З.А., 30 ёшли Ў.Х., 34 ёшли Ж.Я. томонидан содир қилинганлиги аниқланган.

Тергов ҳаракатлари давомида, ашёвий далилий тариқасида 63 килограмм миқдордаги мис, 700 000 сўм пул, 1 дона электрон тарози, 1 дона темир арра, темир қайчи, болгарка, қўлқоплар олинган.

Top