19:57 / 05.05.2020
50531
Шавкат Мирзиёев: «Эпидемиологик вазият яхшиланганидан фойдаланиб, карантин режимини аста-секин юмшатмасак бўлмайди»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди.

«Бутун инсоният коронавирус билан бирга, иқтисодий инқирозга ҳам қарши курашаётганини ҳаммамиз кўриб, кузатиб турибмиз.

Жаҳонда мураккаб вазиятдан чиқиш учун карантин чораларини аста-секин юмшатаётган давлатлар сони кўпайиб бормоқда.

Яратганга шукур, бугун Ўзбекистонда эпидемиологик вазият тобора барқарорлашиб боряпти. Кундан кунга касалликка чалинганларга нисбатан соғайган беморлар сони кўпаймоқда. Карантинга янги олинганларга нисбатан анча кўп одам ундан чиқарилмоқда.

Натижада бугунги кунда коронавирус юқтирган 2 минг 204 нафар бемордан 1 минг 454 нафари ёки 66 фоизи тўла соғайди.

Карантиндаги аҳолининг 83 фоизи ўз уйига қайтди. Яъни, ижобий динамика кучайиб бормоқда. Шифохоналарда қолаётган 740 нафар беморни даволаш, саломатлигини тиклаб, оиласи бағрига қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Бу ишлар осонликча бўлаётгани йўқ. Ҳозирга қадар бунга Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2 триллион 250 миллиард сўм сарфладик ва 500 миллион доллар халқаро молия институтларидан жалб қилдик.

Бугунги кунда бутун дунёда ҳеч ким пандемия яна қанча давом этишини билмаяпти. Шу сабабли, қанчалик қийин бўлмасин, халқимиз билан бирга пандемия шароитида, барча талабларга амал қилган ҳолда, ишлаш ва яшашга ўрганишимиз керак.

Эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгарганидан фойдаланиб, биз иқтисодиётимизда карантин режимини аста-секин юмшатмасак бўлмайди. Чунки бу тартиб иқтисодиётимиз ривожига ва аҳолимиз ҳаётига жуда катта салбий таъсир қилмоқда.

Бу борада халқимизга, айниқса, фермер ва тадбиркорларга қулайлик яратиш учун карантин талабларини юмшатиш бўйича дастлабки қадамларни қўйдик», – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top