16:48 / 13.05.2020
10033
Хитойдан Ўзбекистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами етиб келди

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мутасаддилари Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган тиббиёт воситаларини қабул қилиб олди.

Хитой ҳарбий самолёти бортида жами 2,5 тоннага яқин 13 турдаги тиббиёт воситалари олиб келинди. Улар асосан юқумли касалликлардан ҳимояловчи тиббиёт ниқоблари, кўзойнаклар, махсус кийимлар, масофадан туриб тана ҳароратини ўлчовчи термометр, дезинфекцияловчи аппарат каби энг зарур буюм ва воситалардан ташкил топган. Мазкур инсонпарварлик ёрдамининг умумий миқдори 2 миллион Хитой юанига, яъни 2 миллиард 870 миллион сўмга яқин.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мазкур инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросимида ХХРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь, Хитойнинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси, катта полковник Сюй Чанчжи Ўзбекистон-Хитой алоқалари биринчи навбатда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларининг самараси эканини таъкидлади.

– Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги халқаро ҳамкорлик ҳозирги эпидемия даврида икки халқнинг бир-бирига ўзаро кўмак беришга доим тайёрлигини кўрсатди, – дейди Цзянь Янь. – Хитой халқи карантин қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, қийин ва синовли дамларда ҳам эпидемияга қарши курашда махсус самолёт орқали ўзбек халқига ўз вақтида зарур инсонпарварлик ёрдамини етказгани бунга яққол мисолдир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий айтганидек, дўстинг узоқда бўлса ҳам, кўнгли яқин бўлади. Таъкидлаш керакки, икки мамлакат ўртасида барча жабҳаларда ҳар томонлама мустаҳкам, дўстона алоқалар йўлга қўйилган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар Хитой Халқ Республикаси Қуролли Кучлари томонидан келтирилган мазкур кўмак ўзбек халқининг пандемиядан тезда қутулиб, одатдагидек фаол ҳаётга қайтиши ва дадил оёққа туришига муайян даражада хизмат қилади. Биз биргаликда албатта бу вирус устидан ғалаба қозонамиз.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ватанпарвар» газетаси мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top