20:29 / 26.05.2020
8085
Сирдарёда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор - Агентлик

Ҳозирга қадар Сирдарёнинг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларида 5 600дан ортиқ тест синовлари ўтказилган бўлиб, сув тошқини кузатилган бўлишига қарамай эпидемиологик жиҳатдан мувозанат сақлаб қолинмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов АОКАда ўтказилган онлайн брифингда Сирдарёдаги эпидемиологик вазият бўйича маълумот берди.

«Талафот содир бўлган 1 май кунининг ўзида ҳудудга 386 нафар тиббиёт ходими жалб қилинган. Улар тошқин кузатилган ҳудудларда аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича фаол ҳаракат қилмоқда. Профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадида 22та гуруҳ тузилиб, уларга 72 нафардан ортиқ врачлар, 50 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар, дезинторлар, дезинструкторлар киритилган», дея қайд этди Ботир Қурбонов.

Брифингда тошқин натижасида бошқа ижтимоий объектлар сингари қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳам зарарланганини айтиб ўтилди. Айни пайтда бу биноларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор фуқаролар эса Гулистон шаҳри ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида жойлашган тиббиёт муассасаларида қабул қилинмоқда.

«Коронавирус инфекцияси ҳали юртимизда бартараф этилмаган мураккаб вазиятда Сирдарёда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор сақланиб турибди. Бунинг учун эса эпидемиологик жиҳатдан хавф туғдирадиган аҳоли контингенти, беморлар, улар билан мулоқотда бўлганлар, бошқа ҳудуддан келган ва кетаётган фуқаролар коронавирус инфекциясига ПЦР усулида тест топшириб келяпти», дейди агентлик директори.

Ботир Қурбоновнинг таъкидлашича, ҳозирга қадар Сирдарёнинг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларида 5 600дан ортиқ тест синовлари ўтказилган бўлиб, сув тошқини кузатилган бўлишига қарамай эпидемиологик жиҳатдан мувозанат сақлаб қолинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилояти Ўзбекистонда коронавирус энг охири қайд этилган ҳудуд бўлганди, 14 майга қадар ушбу вилоятда 34та зарарланиш ҳолати қайд этилди, шундан 13 бемор тузалган. 15 май куни ушбу вилоятдаги беморларнинг барчаси (21 киши) Тошкент шаҳрига олиб келинган. Ўтган вақт давомида фақат бугун Сирдарё вилоятида янги ҳолат қайд этилди - чегара пост орқали Россиядан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчида вирус аниқланди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top