19:34 / 31.05.2020
20444
Ўқитувчилар таътил пулларини олишида муаммо бўлмайди - ХТВ

Ўқитувчиларга таътил пулини тўлашда Директор жамғармасидан тўланадиган тўловлар ҳисобга олинади. Халқ таълими вазирлиги бу бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ва хавотирлар ўринсиз эканини маълум қилди.

Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг меҳнат таътили учун тўлов пулини тўлиқ ололмасликлари хавотири юзага келаётгани борасида тушунтириш берди.

«Халқ таълими тизими ходимларини йиллик асосий меҳнат таътили тўловларини амалга ошириш учун ўртача иш ҳақини ҳисоблашда Директор жамғармасидан тўланган тўловлар инобатга олинмаслиги хавотирга солмоқда. Бу ҳақида вазирликка мурожаатлар юборилмоқда, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, бу каби хавотирлар асоссиз. Таътил пулини тўлашда Директор жамғармасидан тўланадиган тўловлар ҳисобга олинади.

Бу борада тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун вазирлик ҳудудий бошқармалар учун кўрсатма хати ҳам тайёрлади.

Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги «2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига қадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилган.

Бироқ Меҳнат кодексида йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланиши кўрсатилган.

«Меҳнат таътили пулини ҳисоблашда Директор жамғармаси ва Мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилган барча тўловлар инобатга олинади.

Бунда ходимлар учун охирги бир йил давомида Директор жамғармаси ва Мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилган барча тўловларни (ҳар ойлик устама, мукофот, моддий ёрдам) ўн иккидан бирга (биринчи йил ишловчи педагог ходимлар ишлаган даврига мутаносиб ҳолда олти ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга, етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга) оширган ҳолда ҳисобланади. Бундан ташқари, ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасаларида «Ёшлар етакчиси» вазифаси юкланган ўқитувчига (ходимга) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама тўланади», дейилади вазирлик кўрсатма хатида. 

Top