01:12 / 03.06.2020
10789
АҚШда талабаларга шафқатсиз муносабатда бўлган олти полициячига айблов эълон қилинди

Ўтган ҳафта охирида Атлантада бир неча нафар полициячи ичида икки нафар қора танли талаба йигит ва қиз бўлган машинани тўхтатишгани тасвирланган видеоёзув тарқалганди. Полициячилар ёшларни автомобилдан туширишган ва уларга қарши электрошокерлар қўллаган.  

Фото: AP

Жоржия штати ҳукумати Атланта шаҳридаги собиқ ва ишлаётган олти полициячига қора танли икки талабани қўлга олиш чоғида шафқатсизлик қилгани учун айблов эълон қилди. Бу ҳақда Фултон округи прокурори Пол Ҳовард маълум қилди. 

Ўтган ҳафта охирида Атлантада бир неча нафар полициячи ичида икки нафар қора танли талаба йигит ва қиз бўлган машинани тўхтатишгани тасвирланган видеоёзув тарқалганди. Полициячилар ёшларни автомобилдан туширишган ва уларга қарши электрошокерлар қўллаган.  

31 май куни икки полициячини ишдан бўшатишга қарор қилинди.  

Ҳоварднинг сўзларига кўра, воқеа ҳақидаги барча маълумотлар тўпланган. Ҳибсга олишда қатнашганларга оғирлаштирувчи ҳолатда ҳужум қилиш, дўппослаш, мулкка зиён етказиш айбловлари қўйилган. 

Округ прокурорининг айтишича, уларни ҳибсга олиш учун ордер берилган.

Ҳовард полициячилар талабаларга қарши бир неча марта электрошокер қўллаганини таъкидлади. Ёшларни шунингдек, калтаклашган. Ҳовард полициячиларнинг талабаларнинг ёнида ўточар қурол бўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги иддаоларини ишончсиз деб ҳисоблашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада афроамерикалик Жорж Флойд сохта пулдан фойдаланганликда гумонланиб қўлга олинди. Полициячилардан бири Дерек Шовин Флойд нафас ололмай қолганини айтишига қарамасдан, унинг бўйнини тиззаси билан босиб турган. Бу ҳолат тасвирланган лавҳа интернетда тарқалди.

Флойд бир неча соатдан кейин касалхонада вафот этди. Уни қўлга олишда иштирок этган тўрт полициячи ишдан бўшатилди. Шовин қотилликда айбланиб ҳибсга олинди.

 

Top