08:48 / 06.06.2020
11814
Хитой Ўзбекистонга янги транспорт йўлагини очди

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон” йўналишида транзит ташувлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Кеча, 5 июнь куни Хитойнинг Ланьчжоу шаҳридан 25та 40 футли контейнерларда экспорт юки ортилган поезд “Ланьчжоу – Қашғар – Иркештом – Ўш – Андижон –  Тошкент – Мари” йўналишида мультимодал транзит ташувни амалга ошириш учун йўлга чиқди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, мазкур йўналиш бўйлаб мультимодал юк ташувларини йўлга қўйиш “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” автомобиль коридори имкониятларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг натижасидир. 

“Ланьчжоу – Қашғар – Иркештом – Ўш – Андижон –  Тошкент – Мари” йўналиши бўйлаб илк мультимодал транзит юк ташуви жорий йилнинг май ойида амалга оширилган. Йўналиш бўйлаб юк ташуви “темир йўл транспорти – автомобиль транспорти – темир йўл транспорти” схемасида ташкил этилган. Илк жараённинг ўзиёқ “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” автомобиль коридори имкониятлари ниҳоятда катта эканлигини намойиш этди.

Бошқа давлатлар юкларини жалб қилган ҳолда бу каби мультимодал ташувларни ташкил этиш бир нечта давлатларнинг халқаро транспорт ва савдо тизимларига муваффақиятли интеграциясига хизмат қилади, дейилади маълумотда.

Top