20:11 / 21.06.2020
20064
Қоида бузган ҳайдовчи инспекторни кўндира олмагач, интернетда ёлғон видео тарқатди

Ижтимоий тармоқларда «Автомашинаси бузилиб қолибди. ЙПХ ходими эса планшетда расмга тушириб кетибди» сарлавҳаси остида видео тарқалди.

Видеода «Нексия» ҳайдовчиси техник носозлик туфайли тўхташ тақиқланган жойда тўхташга мажбур бўлгани, махсус огоҳлантирувчи авария белгисини ҳам ўрнатгани, ЙХҲ инспектори эса унинг тушунтиришларига қарамай «Тўхташ тақиқланган» белгиси таъсир доирасида турган автомобилини планшетда суратга олиб кетганини айтади.

«Буни қанақа тушуниш керак? [Машина] ўчиб қолса, [жарима] ёзиб кетаверишадими?» – дейди видео муаллифи.

Аммо ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси эълон қилган видеодан воқеа аслида бошқача бўлгани, ҳайдовчи 19 июнь куни Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» («Кадишева») деҳқон бозори яқинидаги ҳолатни ёлғон талқин этгани маълум бўлди.

ЙҲХ инспектори «Тўхташ тақиқланган» белгиси таъсир доирасида тўхтаб турган «Нексия»ни планшетида суратга олгани ҳамда ундан аввал ҳайдовчи ва инспектор ўртасидаги мулоқот инспекторнинг боди-камерасида ёзиб олинган.

Боди-камера тасвирига кўра, ҳайдовчи инспектордан маъмурий баённома расмийлаштирмасликни илтимос қилиб, харид мақсадида 2 дақиқага тўхтаганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий жарималарни тўлашнинг биллинг тизими ишга туширилган: ЙХҲ инспекторлари ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузгани фактини воқеа жойида планшетларда тасвирга олиб, «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига киритмоқда. Тизим асосида эса қоидабузарларга SMS шаклда ва почта орқали жарима юборилмоқда.

Бундан ташқари, тўхташ тақиқланган жойларда қолдирилган машиналар ҳаракатдаги автопатруллар томонидан қайд этилиб, айрим ҳолларда бир вақтнинг ўзида ўнлаб қоидабузарларга автоматик тартибда жарималар юборилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Бир йил олдин, 2019 йил 1 июлидан бошлаб, қоидабузарлик акс этган видеоёзувларни юборган шахсларга БҲМнинг 5 фоизи (11 150 сўм) миқдорида пул мукофоти белгиланган эди.

Ҳайдовчилар Ўзбекистон шаҳарларида «Тўхташ тақиқланган» йўл белгиси ҳаддан ортиқ кўп ўрнатилганини айтишади. Кўплаб ижтимоий объектлар яқинида автотураргоҳлар етишмовчилиги шароитида бу йўл белгилари аҳолига ортиқча ноқулайлик туғдириши ва белгиланган жарима миқдори ижтимоий тармоқларда тез-тез муҳокамалар мавзусига айланади.

Маълумот учун, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 3 баравари (669 000 сўм)дан 15 баравари (3 345 000 сўм)гача жарима белгиланган.

Top