12:00 / 15.07.2020
5981
«Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ: Халқ дастурхонини тўкин қилиш йўлида

«Халқимиз дастурхони қанчалик тўкин бўлса биз шунча бахтиёрмиз», дейишмоқда «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар.

Мамлакатимизда етиштириладиган миллионлаб тонна ҳосилнинг салмоқли қисмини Жиззах вилояти ғаллакорлари етиштириб беришади. Айни кунларда етиштирилган ғалла ҳосилини қабул қилиш, қуритиш ва сақлаш ишларида вилоятдаги энг йирик «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ корхонасининг ҳиссаси катта.

«Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ корхонаси 1970 йилда ишга туширилган. Ушбу корхонанинг ғалла сақловчи элеватори 54 минг ва махсус омборлари билан 128 минг тонна ғаллани сақлаш имкониятига эга. Корхона тегирмони суткасига 150 тонна ғаллани сифатли қайта ишлаш қувватига эга ва у 2008 йилда Туркиянинг «Дегсан» фирмаси ускуналари билан қайта жиҳозланган.

Корхонадаги омихта ем ишлаб чиқарувчи цех 1973 йилда ишга туширилган ва у суткасига 150 тонна омихта ем ишлаб чиқариш қувватига эга.

«Ўздонмаҳсулот» АК замон билан ҳамнафас одимлаш учун аниқ режалар асосида ўз таркибидаги корхоналардаги ускуналарни босқичма-босқич замонавий ускуналарга алмаштириб бормоқда.

Режага кўра, жорий 2020 йилнинг 3-4 чорагида, Туркиянинг Ortas фирмаси билан тузилган шартномага мувофиқ «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ корхонаси таркибидаги тегирмон цехини суткасига 250 тонна ун, омихта ем цехини суткасига 100 тонна гранулаланган омихта ем ишлаб чиқариш қувватига етказиш имкониятини берадиган янги ускуналар ўрнатилади.

«Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ корхонасига тегишли уруғчилик цехи 2011 йилда қурилган бўлиб, унга Германиянинг «Petkus» компаниясининг ускуналари ўрнатилган бўлиб, у суткасига 150 тонна уруғлик ишлаб чиқариш қувватига эга.

«Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ корхонаси Жиззах вилоятидаги еттита, Бахмал, Ғаллаорол, Пахтакор, Зафаробод, Шароф Рашидов, Жиззах ва Фориш туманлари ғаллакорларига хизмат кўрсатади.

2020 йил Ғалла қабул қилиш мавсумида «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ ва унга қарашли дон қабул қилиш шохобчаларига жами 131.755 тн товар дон ва уруғлик ғалла қабул қилинди.

— Бу йил ғалла ҳосили жуда яхши бўлди. Ўрим бошланганидан сўнг «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ таркибидаги ғалла қабул қилиш шохобчаларимиз билан бирга Жиззах шаҳрида жойлашган асосий корхонамиз ҳам ўрилган ғаллани пешма-пеш қабул қилишди. Ғалла ўрим мавсумида ҳам, ҳозир ҳам корхонамизга кириб келаётган ҳар бир ҳайдовчи, уни кузатиб келаётган шахслар, корхона ишчилари кириш жойида тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалар билан дезинфекция қилиниб, ичкарига киритилмоқда.

Охирги йилларда дон янчиш корхоналарига жуда катта эътибор берилмоқда. Ана шу эътибор туфайли биз ҳам корхонамиз ишчи-хизматчиларига яхши маош тўлаяпмиз. Бндан ташқари, уларга ҳар куни корхона ҳисобидан тушлик ташкиллаштириб бераяпмиз. Ғалла ўрими мавсумида эса меҳнаткашлар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган.

Бундан ташқари ғалла олиб ташиган ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида корхона тарозисига кириш жойида бепул чой, қаҳва ва турли ширинликлар ва пишириқлар тайёрлаб қўйилди. Чарчаб келган ҳайдовчилар шу ерда ҳордиқ чиқариб, корхонамиз ҳисобидан енгил тамадди қилиб олишади, дейди «Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ ишлаб чиқариш бўйича директори Абдулла Холматов.

Корхонада хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига катта эътибор берилади.

Шунингдек, корхона бинолари атрофидаги жойларда чиройли манзарали дарахтлар ва гуллар ўтқазилиб, обод қилинган. Корхона узоқдан келиб ишловчи ишчи ва хизматчилар учун ётоқ жойлари ҳам ташкил этган.

Бугун корхона омборлари қопланган унга тўла. Халқимиз дастурхони тўкин бўлиши учун бу ерда белгиланган режа асосида ун чиқариш ишлари тўхтовсиз давом этмоқда.

«Жиззахдонмаҳсулотлари» АЖ

Top