02:43 / 18.07.2020
31475
Сирдарёда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилгани айтилди

Сирдарёда расман илк марта коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилди. Вафот этган бемор ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Гулистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Ботиров иштирокидаги 17 июль куни бўлиб ўтган брифингда Сирдарё вилоятида коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилгани эълон қилинди. Бу Сирдарё вилоятида расман коронавирус сабаб қайд этилган илк ўлим ҳолати ҳисобланади.

«Шу кунга қадар Гулистонда 219та хонадон ҳамда уларнинг 903 нафар оила аъзолари уй шароитида 14 кунлик карантинга олинган. Бугунги кун ҳолатига қадар фуқаролар коронавирус инфекциясига полимер занжир реакцияси (ПЗР) усулида текшириш учун бурун-халқумидан суртмалар олиниб, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ва вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияларида 1 626 маротаба тест таҳлиллари ўтказилди.

Шундан 7 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Коронавирус инфекцияси аниқланган беморларнинг бир нафарида ўлим ҳолати юз берди», деган Гулистон туман ҳокими ўринбосари Б.Ботиров.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 июль куни Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли А.А (эркак) ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида маълумот берганди. Бироқ бу ўлим ҳолати Тошкент шаҳридаги Ибн Сино номли 1-сонли шаҳар клиник шифохонасида қайд этилган. Шу боис Гулистон туман ҳокими ўринбосари айтган ҳолат айнан мана шу 16 июлдаги ўлим ҳолатими ёки бошқами аниқ эмас.

Кейинчалик 67 ёшли А.А. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сирдарё мусиқали драма театри актёри Адҳам Абдуллаев экани маълум бўлди. Агар Б.Ботиров айтган ўлим ҳолати 16 июлдаги ҳолат бўлмаса, Сирдарё вилоятида расман коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди, дейиш мумкин. Шундай бўлса, Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони расман 80 нафарга етган бўлади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top