09:48 / 23.07.2020
15281
Имомали Раҳмон маҳсулот етиштириш ва уни сақлаш билан шуғулланувчи оилаларда меҳмон бўлди

Президент ҳатто маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида ҳам иштирок этди.

22 июль куни Тожикистон президенти Ҳисор фермер хўжаликларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш, шу жумладан узоқ муддатга сақлаш жараёни билан танишди.

У Ҳаёти нав қишлоғидаги Талабшо Давлатов оиласининг томорқасига ташриф буюрди.

Шифокор Талабшо Давлатов ва унинг оиласи дуккакли экинлар ва сабзавотлар етиштириш учун 0,10 гектар ер майдонидан фойдаланади. Бу ерда Имомали Раҳмон икки йиллик захира учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари омборини кўздан кечирди, бунда буғдой, дуккакли экинлар, ясмиқ, нўхат, мош, зиғир, шунингдек, консерва маҳсулотлари сақланади.

Шахсий томорқадан самарали ва оқилона фойдалангани учун Имомали Раҳмон Талабшо Давлатов оиласига маиший техника жиҳозларини совға қилди.

Шундан сўнг, давлат раҳбари «Октябрнинг 50 йиллиги» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Бу ерда у кузги картошка экиш жараёнини бошлаб берди. Бу жамиятда 232,6 гектар суғориладиган ерлар бор ҳамда унда картошкадан ташқари маккажўхори, пахта, сабзавотлар ва бошқа экинлар етиштирилади.

Шунингдек, Имомали Раҳмон «Файзи деҳқон» ва «Файзи ҳожи» деҳқон хўжаликларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинлари вегетацияси билан танишди. «Файзи деҳқон» 1,35 гектар майдонда, «Файзи ҳожи» эса 3 гектар майдонда Душанбе, Ҳисор ва Турсунзода бозорларига юбориладиган турли хил экинларни ҳам етиштиради.

Бу ерда Имомали Раҳмон қишлоқ хўжалиги кўргазмасига ташриф буюрди. Бунда сабзавот ва мевалардан ташқари, асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари намойиш этилди.

Шундан сўнг, давлат раҳбари Ҳисорга амалий сафари доирасида қувурлар ва профиллар ишлаб чиқариш бўйича масъулияти чекланган жамият фаолиятига старт берди.

Корхона маҳаллий тадбиркор Фозил Бадиев томонидан хорижий инвестициялар жалб қилинган ҳолда ташкил этилган ва асбест шифер ҳамда қувурлар, темир профиллар, шиша толалар ишлаб чиқаради.

Шу куни мамлакат президенти Рудакий туманига бориб, Усмоновлар оиласида меҳмон бўлди ва улар 0,14 гектар шахсий томорқа ер майдонидан қандай фойдаланаётганини кўздан кечирди.

Худди шу туманда у Фалакон қишлоғида жойлашган ерлар ва унда етиштирилган маҳсулотлар билан танишди.

Top