11:25 / 29.07.2020
4897
ДХХ каттта миқдордаги гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иллюстратив фото/РИА Новости

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Тошкент вилоятининг Бекобод тумани Хонобод МФЙ Ширинбулоқ аҳоли яшаш масканида ўтказилган тезкор қидирув тадбири давомида маҳаллий фуқаро, 1988 йилда туғилган Ш.А. 10 кг 130 гр. “опий” ва 19 кг 74 гр. “гашиш” моддаси билан ушланди. 

Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик моддасини унга тожикистонлик таниши Ўзбекистон - Тожикистон ўртасидаги чегара сим тўсиқлари остидан ўтказиб берган. 

Муқаддам судланган Ш.А. ушбу оғуни Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирган.

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Бўстон тумани ҳудудидаги ЙПХ масканида Андижон-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Cobalt русумли автомашина тўхтатилиб текширилди. 

Натижада, машинада йўловчи сифатида кетаётган, 1983 йилда Пахтаобод туманида туғилган С.Ю.га тегишли бўлган целлофан пакет ичидан 1 кг 446 гр. “гашиш” моддаси топилди. 

Аниқланишича, “С.Ю.” гиёҳванд моддани Қирғизистон Республикасининг Қорасув шаҳрида яшовчи “Азиз” исмли шахсдан олиб, айланма йўллар орқали Андижон вилояти ҳудудига олиб ўтган ва сотиш мақсадида Тошкент шаҳрига кетаётган бўлган.

1988 йилда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида туғилган О.Қ. мазкур туманнинг Олтинсой маҳалласидан ўтган чегара симтўсиқлари устидан қирғизистонлик шахслар ўтказиб берган 978 гр. “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, ҳаракатланаётган вақтида ушланди. 

“Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмасининг Андижон вилояти Хўжаобод туман бўлими раиси, 1969 йилда туғилган Ш.С. ва 1992 йилда туғилган А.Ў. мазкур туманнинг Манак қишлоғининг Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳри Суратош қишлоғи билан чегарадош ҳудудидаги чегара симтўсиқлари орқали қирғизистонлик шахсдан 971 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олиб, чегараолди ҳудудда ҳаракатланаётган вақтларида ДХХ ЧҚ ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинди. 

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 10 кг 130 гр. “опий” ва 22 кг 469 гр. “гашиш” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top