08:30 / 30.07.2020
5950
Тошкентда автобус ва юк транспорти иштирокида ЙТҲ содир бўлди

ЙТҲ сабабли ҳеч ким жабрланмаган.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар қилмоқда пойтахт ИИББ.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 июль куни соат 11:00да Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида 18-автопаркка тегишли ISUZU русумли автобус ҳайдовчиси, 30 ёшли Р.Ш. йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун кутилмаган ҳаракат (манёвр) содир этган. 

Билдирилишича, яқин атрофда ҳаракатланиб борган «Зил-131» русумли юк автомобили ҳайдовчиси, 28 ёшли М.Б. фавқулодда тўхташ учун барча чораларни кўришига қарамасдан, автобуснинг ён томонига тўқнашиши натижасида автобус ағдарилиб кетган.  

ЙТҲ сабабли ҳеч ким жабрланмаган.

«Ҳурматли жамоат транспортлари ҳайдовчилари! Унутманг, кўпчиликнинг ҳаёти – сизнинг соғлиғингиз, йўловчиларнинг саломатлиги, ҳамда яқин атрофдагиларнинг хавфсизлиги сизнинг қарорларингизга боғлиқ. Транспорт қанчалик йирик экан, атрофдагилар учун авариявий ҳолатда шунчалик катта хавф туғдиради. Эҳтиёт бўлинг, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг», - дейилади маълумотда.

Top