15:13 / 04.08.2020
2226
Ажрим ёқасидаги оилаларнинг 10 мингга яқини яраштирилди – вазирлик

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистонда оилавий ажралишлар кўрсаткичи ҳақида маълумот берди. Унга кўра, ажрашишлар бўйича юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳар ва Андижон вилоятларига тўғри келади.

Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 12 минг 810та (ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 3 минг 151та кам) оилавий ажралишлар рўйхатга олинган. Бу мамлакатдаги мавжуд оилаларнинг 0,03 фоизининг тақдири ажралиш билан якун топганини кўрсатмоқда.

«Рақамлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, умумий ҳолат ва оилавий ажралишларнинг оқибатлари хавотирли эканлиги барчамизни сергаклантиради. Сабаби юзага келган мазкур ажримлар натижасида жорий йилнинг ўзида республика бўйича 8 минг 725 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Яна бир муаммоли ҳолат, бу ажрим ёқасига келиб қолган оилалар тақдири. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг шу вақтига қадар 15 минг 413та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980таси, яъни 60 фоизи яраштирилди. Шунингдек, никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган 11 минг 985та  оила аниқланиб, уларнинг 5 минг 960таси, ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

Бу кўрсаткичларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, аҳоли ва оилалар сони кўплиги муносабати билан энг юқори рақамлар Тошкент шаҳар ва Андижон вилоятларига тўғри келади. Жорий йилнинг шу кунига қадар пойтахт оилаларининг 1692таси ажрашган, 918та оила эса ажрим ёқасига келиб қолган. Кейинги ўринда 1498та ажрашган оилалар билан Андижон вилояти турибди. Вилоятдаги ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони эса 1716тани ташкил этмоқда.

Ажралган оилалар сони Фарғона вилоятида 1304та, Тошкент вилоятида 1308та, Самарқанд вилоятида 1302та, Наманган вилоятида 923та, Қашқадарё вилоятида 815та, Сурхондарё вилоятида 749та, Бухоро вилоятида 744та, Сирдарё вилоятида 529та, Қорақалпоғистон Республикасида 513та, Хоразм вилоятида 497та, Жиззах вилоятида 489та, Навоий вилоятида 447тани ташкил этади» дея вазирлик матбуот котиби Саодат Боймирзаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top