07:30 / 25.08.2020
4890
Экспорт ва инвестициялар бўйича Ҳукумат комиссияси янгиланган таркибда тасдиқланди

Экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мўлжалланмоқда.

Президент “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси янгиланган таркибда тасдиқланди.

Қуйидагилар Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

а) экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича:

экспорт прогноз параметрларининг бажарилишини доимий равишда мониторинг қилиш, шунингдек келгуси йиллар учун экспорт прогнозини шакллантириш ишларини ташкил этиш;

ҳудудлар ва тармоқ экспорт салоҳиятининг ўсиши ва сафарбар этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш;

нобарқарор ташқи конъюнктура, шунингдек янги турдаги халқаро таҳдид ва хатарлар (коронавирус пандемияси каби) шароитида мамлакатнинг экспорт қилиш салоҳиятини ривожлантириш;

экспорт фаолиятини амалга оширишда аниқланган муаммоларни ўрганиб, зарур ҳолларда жойида бартараф этиш чораларини кўриш;

экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш бўйича амалий, шу жумладан қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

б) инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича:

давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштирган ҳолда инвестиция дастурлари ва марказлашган инвестициялар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш ҳамда ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини ташкил этиш;

инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳамда инвестиция оқимининг ўсиши ва уларнинг жалб этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш;

инвестиция дастурлари ва тармоқлар йўналиши доирасида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш ҳамда вужудга келаётган муаммоларни, шу жумладан жойида бартараф этиш чораларини кўриш;

инвестиция лойиҳалари, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан келишиладиган кўп йиллик ҳамкорлик дастурлари ва стратегияларини тақдим этиш, улар иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул вазирликлар, идоралар ва лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларининг ҳисоботларини эшитиш, шунингдек ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

в) ҳудудларда саноат кластерларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича:

республика ҳудудларида саноатни жадал ривожлантириш ҳамда илм-фан, инновация, лойиҳа, молия, инжиниринг ва инвестиция ташкилотларини қамраб олган «саноат кластерлари»ни ташкил этиш;

маҳаллий хом ашё ҳамда материаллардан самарали фойдаланиш асосида қўшимча қиймат занжирини яратишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

г) олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари» бўйича:

«йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирлар, шу жумладан экспорт келишувларининг тўлақонли бажарилиши ҳамда инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;

«йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирларнинг вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳамда самарали ижро этилишини таъминлаш, тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан «йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилишида сунъий равишда чўзиш ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш.

Белгиланишича:

а) Ҳукумат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича қабул қилинган баённома топшириқларининг экспорт, инвестициялар, ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги қисмининг ижросини таъминлайди;

б) Ҳукумат комиссиясининг Ишчи органлари:

экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича — Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти;

ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича — Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти ҳисобланади.

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси таркиби

1. С.У. Умурзаков — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Ҳукумат комиссияси раиси

2. А.Б. Воитов — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари, Ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари

3. О.Б. Рустамов — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари, Ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари

4. С.С. Саидкаримов — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, Ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари

5. Ф.Ж. Рахимов — Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти мудири, Ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари

6. А.Р. Жуманазаров — Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғининг ўринбосари

7. О.З. Насритдинходжаев — Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари

8. Л.Ш. Кудратов — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

9. Ф.Н. Арзиев — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

10. И.Р. Махкамов — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи

11. Н.К. Холмуродов — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари

12. Ш.А. Вафаев — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи директори

13. Б.Ю. Абубакиров — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари

14. М.О. Салиев — Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари

15. А.Э. Файзибаев — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари

16. Д.Н. Саттаров — «Ўзстандарт» агентлиги бош директори

17. Т.Н. Набиев — Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари вазифасини бажарувчи

18. И.К. Эргашев — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи

19. А.К. Мирсоатов — «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ бошқаруви раиси

20. С.С. Аннакличев           — «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқаруви раиси

21. Н.Н. Сайдуллаев — «Асака» АТБ бошқаруви раиси

22. Ж.Ш. Авезов — Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти мудирининг ўринбосари, Ҳукумат комиссияси котиби

Top