17:10 / 30.08.2020
12617
“Оёқ-қўлим кўзга айланган” – Умид ила яшаётган қиз ҳикояси

Кичик жуссасига катта қийинчиликларни олиб яшаётган хотин-қизлар ҳақида ҳаётий ҳикояларни беришда давом этамиз. Бу сафар Самарқанднинг Пайариқ туманида истиқомат қилувчи  31 ёшли Гулноза Раҳимова билан суҳбатлашдик.  

Фото: Getty Images/iStockphoto

“Болаликдаги ўйинқароқлик бутун тақдиримни ҳал қилиб қўйди”

Қиш. 6 ёшда эдим. Уйимиз орқа тарафида тоғамнинг ўғли билан қорбўрон ўйнаётгандик. Қиқирлашиб, ҳеч нимага эътибор бермасдик: ўзимиз билан овора эдик. Қўшнимизнинг ити ёнимизга келиб узоқ ҳурди, эътибор бермадик. У бир кўзимнинг ён тарафини қандай тишлаб олганиниям пайқамай қолдим. Ҳаммаси сониялар ичида рўй берди. Йиғлаб тураверганман. Уйдагилар овозимни эшитишмаган. Тоғамнинг ўғли ҳам ёш бола эди. У мендан баттар довдираб қолган. Пешонамдан қон оқаверган. Онам олдига борганман. Уларга ит тишлаганини айтганман. Шунда онам жароҳатимни спирт билан артиб, дока билан ўраб қўйганди, ит жунини куйдириб, жароҳатга босишганиям эсимда. Улар ҳам бу жароҳат бир кун келиб жиддий тус олиб кетишини билишмаган. 2-3 кун ўтгандан кейингина шифохонага олиб боришган. Шифокорлар жароҳат жойини тозалаб, микробларини олиб ташлашганди. Ўша чандиқ ҳалигача юзимда турибди

“Йўлда кетаётганимда кўзим умуман кўрмай қолди”

Бир йилдан кейин мактабга чиқдим. Бошим жуда қаттиқ оғрирди. Партага бош қўйиб дарсларни эшитардим. Уйда ҳам вазифаларни қониқарли бажаролмасдим. Йиллар ўтган сари кўриш қобилиятим ёмонлашиб бораверди. 3-синфлигимда кўзим кўриб-кўрмай қоларди. Бир куни мактабдан қайтаётганимда, бирданига кўзим кўрмай қолди. Нима қилишимни билмасдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан тушунтириб беролмайман. Ўша кундан бери дунёда мен учун фақат битта ранг бор: қора. Қўлим ҳам ишламай шол бўлиб қолганди. Ариқдан ўтаман деб йиқилиб тушгандим. Синфдош дугоналарим қўлимдан етаклаб, уйга обориб қўйишганди. 1-2 ойлаб ўрнимдан туролмаганман. Оёғим ҳам ишламай қолганди. Даволатишга имкониятимиз ҳаминқадар эди. Онам пул топишга қийналгани учун мени шифокорга тузукроқ кўрсатолмаган. “Эскичадан” деб табибларга кўрсатиб юришган, холос.

“Бошимдан бир банка қурт чиқди”

Ота-онам ажрашишганди. Аҳволим оғирлашаверганидан кейин онам дадамни чақиришга мажбур бўлди. Унгача дадам қимирлолмай ётганимни билмасди. Онам қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиргандан кейин дадам келиб, мени олиб кетди. 15 кундан кейин Самарқанд шаҳридаги шифохонага олиб борди. У ерда мени операция қилишди. Кучук тишлаган жой ўрни катта шишга айланиб қолганди. Уч соатлик жарроҳлик амалиёти давомида шифокорлар бошимдан бир литрли банка тўладиган қуртни тозалаб чиқариб ташлашганди. Бу қуртлар мия асаб толаларини шикастлаганлиги учун оёқ-қўлим шол бўлиб кўролмай қолганман. Операциядан кейин ҳаммаси изига тушиб кетди, лекин кўриш қобилиятим тикланмади. Кўриш қобилиятим тикланиши учун 18 ёшимгача ҳар 6 ойда даволанишим кераклигини айтишди. Дадам 13 ёшимгача даволатди. Ундан кейин соғлиғим нисбатан яхшилангани учун даволанишим тўхтаб қолди.

“Қанийди фақат кўзим кўрмаса”

Тўлиқ даволанмаганим ўз таъсирини ўтказди. 19 ёшимда менда тутқаноқ касаллиги аломатлари кузатила бошланди. Ўша пайтлари дадамникида яшардим. Ўгай онам мени уйига унча сиғдирмасди. Муросага келиб яшашга ҳаракат қилардим, лекин у буни хоҳламасди. Дадам ҳам уйдаги вазиятни биларди-ю, индолмасди. Дадам билан 10 йил яшадим. Кейин ўгай онам сабабсиз жанжал чиқараверганидан кейин охири онам келиб мени олиб кетди. Ўзим ҳам ука-сингилларим билан яшашни жуда хоҳлардим. Онам ҳам бошқа турмуш қурганди. Ўгай отам бу пайтга келиб вафот этганди. Уйда онам, укам ва синглим қолишганди. Онам олдига қайтиб боргандан кейин ҳаммаси ўз ҳолига қайтади, деб ўйлардим. Адашибман. Кунлардан бир куни оёқ-қўлим бирдан қалтирай бошлади. Қўрқиб кетдим. Кейин ҳушимдан кетибман. Кўзимни очганимда, шифокор онамга нималарнидир гапираётган экан. Шифокор ҳам қони камайиб кетган, деган ташхис қўйган. Кейин яна такрорлангандан кейин  билишимча, менда тутқаноқ касаллиги аломатлари сезилган экан. Шифокорнинг айтишича, кўп асабийлашганимдан шундай аҳволга келган эканман. Давоси йўқ дейишди.  Керакли муолажаларни олсам, ҳар 10-12 кунда, даволанмасам, ҳар 4-5 кунда шунақа аҳволга тушаман. Тутқаноқ тутишидан бир кун аввал бошим қаттиқ оғрийди, асабийлашаман, ўзимни қўярга жой тополмайман. Кейин бутун танам қалтирайди, ҳушимдан кетиб қоламан.

“Менинг ҳам бошқалар каби бахтли бўлишга ҳақим бор эди”

Ногиронлиги бор инсонлар учун мўлжалланган мактабда ўқий бошладим. У ерда бизга ўқиш, ёзиш, шунингдек, касб-ҳунар ўргатишарди. Гуруҳимизда бир йигит бор эди. Унинг кўзи ожиз эмасди, лекин жуда хира кўрарди. Бир-биримизга кўнгил қўйгандик. Менга турмуш қуриш таклифини билдирганди. Лекин рад жавобини берганман. Унга тутқаноқ хасталигим борлигини айтмаганман. Худди вақт ўтса ҳаммаси яхши бўлиб кетадигандек, у билан яхши муносабатда бўлишда давом этганман. Умид бор эди юрагимда. Охири уни ҳам умидвор қилишни истамадим ва биз ажралишдик. Орадан йиллар ўтди. Уни ҳозир ҳам эслайман. Агар вазиятни тушунтирганимда, балки, ҳаммаси яхши бўлиб кетармиди, деб ўйлаб қоламан.

“Оёқ-қўлим кўз вазифасини бажаради”

Уйда қўлимдан келган юмушларни ўзим бажаришга ҳаракат қиламан. Игнадан ип ўтказиб, майда тикиш-бичиш ишлари, шунингдек, кирларни ҳам юваман. Эрталаб ҳовли супураман. Уйда қайси жиҳоз қаерда туришини биламан. Ташқаридан қараган одам кўзим ожизлигини баъзан сезмай қолади. Қўлим, оёғим – менинг кўзларим. Қачондир бутунлай дарддан фориғ бўлишимни тасаввур қиламан. Агар шундай бўлса, тикув цехи очишни ният қилганман. Турмуш қуриб, ширин фарзандларнинг меҳрибон онаси, суюкли ёр бўлишни хоҳлардим.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top