19:57 / 14.09.2020
16067
Чириган картошка уруғи иши: айбланувчилар зарарни қопламай судда озод этилди

Фермерларга чириган картошка етказиб бериб, етказилган зарарнинг 12 миллиард сўмдан ошиғини қопламаган бўлишига қарамай, жиноят содир этган шахслар суд залидан қамоқдан озод этилган. Жабрланувчи фермерлар эса қўлланилган жазодан норози бўлишмоқда.

2018 йили Жиззах вилоятида 309та фермер хўжалигига чириган картошка уруғини етказиб, шартнома шартларини бузган компания устидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. Ушбу жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм эълон қилинган. Фермерлар суднинг ҳукмидан норози бўлишмоқда.

Мазкур ишдан жабр кўрган жиззахлик фермерлар 2018 йили юз берган бу воқеаларни батафсил гапириб беришди. Уларнинг таъкидлашича, «Агро тайёрлов» масъулияти чекланган жамияти 5 миллиард сўмдан зиёд маблағни фермерлар номига расмийлаштириб, пулларни ўзлаштирган. Эвазига фермерларга сифатсиз ва чириган картошка уруғи берилган. Бу ҳам етмагандек, картошка уруғлари экиш мавсумидан кечиктириб етказилган.

Норқул Эшматов

«15 йиллик фермерлик тажрибам бор, шу ўтган вақт ичида даламда картошка етиштирганман. Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун янги ва ҳосилдор уруғ керак бўлади. Қанчалик қиммат бўлмасин, сифатли уруғни сотиб олиб, мўл ҳосил қилишга ҳаракат қилганмиз. 2018 йили «Агро тайёрлов» МЧЖ Бахмал тумани ҳокими билан биргаликда фермерларга мурожаат қилди. Улар янги ва сифатли картошка уруғини сотишини айтиб, таклиф билдирди. Ҳоким уларнинг ёнида компания гапини маъқуллаб, фермерларни шунга даъват этди», — дейди фермер Норқул Эшматов.

Алмурод Жўраев

Бахмаллик фермер Алмурод Жўраевнинг айтишича, компания олдида ҳокимият вакилларининг тургани сабаб банк кредит расмийлаштируви ғайритабиий тарзда тезлашиб кетган ҳамда босим туфайли фермерлар картошка уруғини «Агро тайёрлов» МЧЖдан харид қилишга мажбур бўлган.

«Энг қизиғи, ҳозир банк бу қадар тез ишламайди. Ўша сафар пуллар компания ҳисобига тушганини биз кейинроқ билдик. Аммо кредит бизнинг номимизга расмийлаштирилганди», — дейди у.

Хат-ҳужжатсиз картошка уруғини муддатидан кечикиб етказиб берган компания фермерларнинг кейинги эътирозларини эшитмагани иддао қилинмоқда. Ўтган икки йил ичида мазкур иш юзасидан икки марта иқтисодий суд қарори қабул қилинган. Ҳар гал фермерлар шикояти қаноатлантирилмай, уларга етказилган зарар қопланмаган.

Шундан сўнг, компания вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг ҳукми билан компания мансабдор шахслари терговда айбланган моддаларнинг айримлари бўйича оқланиб, зарар қопланмаган бўлса ҳам, суд залидан озодликка чиқарилган.

Бош прокуратура терговида бўлган мазкур жиноят иши доирасида «Агро тайёрлов» МЧЖ мансабдор шахслари 1,2 миллиард сўмлик 155 тонна картошка уруғини етказиб бермагани ҳам аниқланган.

«Компания мен билан шартномада 2 тонна картошка уруғини етказиб бериш мажбуриятини бажармади. Улар бор-йўғи 1,7 тонна келтириб, юкнинг қолган қисмини кейинроқ беришини айтиб, алдаб кетди», дейди фермер Норқул Эшматов.

Тергов давомида компания 3,8 миллиард сўмлик егулик картошка маҳсулотларини нақд пулга сотиб, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузгани ҳам аниқланган. Шунингдек, «Агро тайёрлов» МЧЖ 870 миллион сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлагани маълум қилинган.

Жиноят иши тергови якунига кўра, «Агро тайёрлов» МЧЖ мансабдор шахслари Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми ва бошқа моддалари билан айбланиб, уларнинг уч нафарига «қамоқ» ва бир нафарига «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Агро тайёрлов» МЧЖ мансабдор шахслари фермерларга етказилган зарарнинг 1,2 миллиард сўми қопланмаган.

Бундан ташқари, ушбу жамият раҳбарлари “Имкон агро” МЧЖни ташкил қилиб Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги жами 1018 нафар фермерларга 11,4 млрд сўмлик 1364 тонна уруғлик картошка маҳсулотларини етказиб бермаган бўлсада суд ушбу айбловга умуман этибор қаратмаган.

«Буларни инобатга олмаган суд эса компания мансабдор шахсларини барвақт озодликка чиқариб, бир гуруҳ фермерлар манфаатига зид ҳукм чиқарди», — дейди Фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров.

Айни вақтда Сергели туман прокурори Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2020 йил 14 августдаги ҳукмини бекор қилиб, тергов органи томонидан қўйилган айбловлар билан янги ҳукм чиқаришни сўраб, протест киритган.

Kun.uz айбланувчиларнинг озодликка чиқарилишига оид суд ҳукми ва ишнинг бошқа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси ва 168-моддаларида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирдагина озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси Отахон Юсупов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top