19:05 / 25.09.2020
44888
Шуҳрат Ғаниев Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

Депутатлар Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Шуҳрат Ғаниев номзодини маъқуллади.

«2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Шуҳрат Ғаниев номзодини кўриб чиқдилар.

Халқ вакиллари томонидан Шуҳрат Ғаниев номзоди маъқулланди», дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.

Номзод депутатлар томонидан маъқуллангач, президентнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги қарори билан расман ҳукумат аъзосига айланиши мумкин.

2020 йилнинг 26 февралида президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланган ва унга кўра, бош вазирнинг икки ўринбосари лавозими жорий этилган, кўп ўтмасдан Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Молия вазири (бу лавозим тугатилган) Жамшид Қўчқоров Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - Иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимига ўтказилган (ҳозирда бу вазирлик Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилган), Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий муносабатлар масалалари бўйича ўринбосари бўлганди. 2020 йил февралидан буён бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ўктам Барноев шу йилнинг июлида коронавирусга чалиниб, сентябрь ойида коронавирус оқибатларидан вафот этгач, бу лавозим бўш қолаётганди.

Бундан аввалроқ 2012 йилдан буён Фарғона вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ғаниев бошқа ишга ўтиши муносабати билан унинг ўрнини Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Хайрулла Бозоров эгаллагани хабар қилинганди.

Top