09:28 / 10.10.2020
3765
АҚШда 15 октябрга белгиланган Трамп ва Байденнинг дебати бекор қилинди

Президентликка номзодлар энди 22 октябрь куни Теннесида учрашиши режалаштирилган. Бунгача Трампнинг штаби виртуал шаклда дебатларни ўтказишдан бош тортди.

Фото: AP

15 октябрга белгиланган АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп ва Демократик партиядан номзод Жо Байден ўртасидаги дебат бўлиб ўтмайди. Бу ҳақда Президент дебатлари бўйича комиссия (CPD) баёнотида айтилган.

CPD’дан таъкидланишича, 8 октябрь куни улар Флорида штатининг Майами шаҳрида бўлиб ўтиши керак бўлган дебатни барча иштирокчиларнинг соғлиғи хавфсизлиги учун виртуал шаклда ўтказишни таклиф қилишган. Шундан сўнг, ҳар иккала номзоднинг сайловолди штаби ушбу таклиф тўғрисида гаплашиб олди. 

«Энди 15 октябрда ҳеч қандай дебатлар ўтказилмаслиги аниқ бўлди ва CPD 22 октябрга белгиланган якуний президентлик дебатига тайёргарлик кўришга эътибор қаратади», - дейилади комиссия баёнотида. 

Трамп ва Байден 22 октябрь куни Теннеси штати Нэшвилл шаҳридаги Белмонт университетида учрашади. NBC News вакили Кристен Велкер модераторлик қилади. Дебат 15 дақиқалик олтита қисмга бўлинади, мавзулар олдиндан танлаб олинади ва камида бир ҳафта олдин эълон қилинади. 

CPD Доналд Трампда коронавирус инфекцияси аниқлангани туфайли мунозараларни онлайн тарзда ўтказишни таклиф қилди. Бироқ, президент комиссия Байденга ёрдам бериш учун шундай қадам ташлаганини айтиб, ушбу ташаббусдан воз кечди. «Мен вақтимни виртуал баҳсларга сарфламайман», - деди Трамп. 

Шундан сўнг, Трампнинг сайловолди штаби Флоридадаги мунозарани 22 октябрга, Теннесидаги учрашувни эса 29 октябрга қолдиришга рози бўлди. «Америкаликлар 22 ва 29 октябрь кунлари иккала номзоднинг фикрини тинглашга лойиқдир», - деди сайловолди штаби раҳбари Бил Степиен. 

Номзодларнинг 29 сентябрдаги биринчи дебатидан сўнг, CPD қоидаларни ўзгартирди ва модераторга рақибларнинг микрофонларини ўчириш имкониятини берди. Ушбу қарор Трамп ва Байден мунозарада бир бирининг сўзини тўхтатиб, ҳақорат қилгани ва модератор вазиятни назорат қила олмай қолганидан сўнг қабул қилинди. 

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top