18:43 / 10.10.2020
11917
Ким Чен Ин COVID-19 беморлари йўқлиги учун халқига миннатдорлик билдирди

КХДР раҳбари Ким Чен Ин мамлакатда COVID-19 беморлари йўқлиги учун халқига миннатдорлик билдирди ва Жанубий Кореяга ҳам коронавирусни бартараф этишни тилади.

Фото: KCNA

"Фуқароларимиз мамлакатни ва ўзларини ўзлари ҳимоя қилди. Биз бой яшамасак-да, оилалар аҳил яшамоқда ва бирорта ҳам инсон ёвуз вирус билан касалланмади ва ҳамма соғ-саломат", - деди Ким Чен Ин мамлакат меҳнат партияси ташкил топганлигининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган парадда сўзлаган нутқида.

 Унинг қўшимча қилишича, қийин шароитлар ва "етишмовчилик"ка қарамасдан, мамлакат эпидемияга қарши кескин чораларни қўллашга ва табиий офатлар оқибатлари билан курашишига тўғри келмоқда.

"Фуқароларимиз ҳамиша партиядан миннатдор бўлган эса-да, миннатдорлик сўзларини эшитишга муносиб бўлганлар бу сизлар – буюк фуқароларимиз", - деди Ким Чен Ин.

Ким Чен Ин шунингдек, Жанубий Кореяга ҳам коронавирусдан қутулишни тилади.

"Жанубий кореялик севимли ўртоқларимиз ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозни бартараф этишади деган умиддаман ", - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни чегарани яширин йўллар билан ноқонуний кесиб ўтган ва Жанубий Кореядан Кэсон шаҳрига қайтиб келган 24 ёшли эркакда коронавирус аниқлангани эълон қилинди. Бу КХДРда тан олинган илк ҳолат бўлди. Бунгача ҳукумат мамлакат ҳудуди коронавирусдан холи эканини таъкидлаб келди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top