19:06 / 11.11.2020
6884
АОКА қонунларни такроран бузаётган ОАВга жазо қўлланиши ҳақида огоҳлантирди

2019 йилда интернет сайтларига 10та, 2020 йилнинг 9 ойида эса 22та тақдимнома киритилган. АОКА ҳозирча фақат огоҳлантириш билан чеклангани, эндиликда такроран қонунбузарлик содир этаётган ОАВларга жазо чоралари кўрилишидан огоҳлантирди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ОАВларда йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий ахборот берди.

«Албатта, ҳар қандай жамиятда очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш жараёнида муаммолар бўлиши табиий. Жаҳон амалиётида бирор бир ахборот воситаси қонунбузарлик содир этса, унинг фаолиятини судга ошириш, турли жарималар ва ҳаттоки фаолиятини тўхтатиб туришгача бўлган чоралар қўлланиши кузатилади. Бугунги шароитда АОКА эндигина оёққа тураётган мустақил ОАВни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида улар йўл қўйган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий огоҳлантириш билан чекланмоқда ва ўз ваколатидаги бошқа чораларни ҳозирча қўлламай келмоқда», – дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистонда 1 777 та ахборот субъекти бўлиб, уларга нисбатан қонун барчага баробарлиги тамойили асосида ёндашилмоқда.

2019 йилда жами 150 та – шундан теле-радио каналларга 75 та, даврий босма нашрларга 65 та, интернет сайтларга 10 та тақдимнома ва огоҳлантириш юборилган.

2020 йилнинг ўтган 9 ойида жами 90 та – шундан телевидение ва радиога 39 та (МТРК тизимидаги телеканаллар фаолиятига оид 20 га яқин), даврий босма нашрларга 29 та, интернет нашрларига 22 та тақдимномалар киритилган.

«Пандемия шароитида бизнес субъектларини текшириб жазога тортиш бўйича жорий этилган мораторийни, шу жумладан ахборот олишда ва уни текширишда юзага келган айрим қийинчиликларни инобатга олган ҳолда, Агентлик айрим ОАВда турли фейк ва текширилмаган ёки қонунга хилоф маълумотлар эълон қилингани ҳолда, уларга асосан оғзаки огоҳлантириш бериш билан чекланди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, шу кунгача огоҳлантириш хатлари юборилиши натижасида бирорта ахборот субъекти маъмурий, молиявий ёки жиноий жазога тортилмаган. Бироқ ушбу вақтинчалик ёндашув қонунбузарларга умуман чора кўрилмаслигини англатмайди. АОКА ахборот субъектларининг бундан хулоса чиқармаслиги ва ўз фаолиятида тегишли талабларга қатъий риоя этмаслиги эндиликда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради», – дейилади расмий баёнотда.

Қўшимча қилинишича, АОКА ҳуқуқлари бузилган журналистларни ҳимоя қилиш масаласида шу йилнинг ўзида 10 нафарга яқин журналист ва блогерга нисбатан қаршилик кўрсатиш, ахборот тарқатганлик учун асоссиз сўроққа тутиш каби ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд ва Фарғона вилояти ҳокимлигига журналистик фаолиятга тўсқинлик қилишни зудлик билан тўхтатиш, айбдорларни белгиланган тартибда жазолаш, бундай ҳолатлар такрорланишига бошқа йўл қўймаслик тўғрисида ёзма талабнома ва мурожаатлар юборилган.

Top