22:57 / 24.11.2020
2440
Исроил бош вазири ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзодликка илгари сурилди  

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Британиянинг лордлар палатаси аъзоси Уильям Дэвид Тримбл томонидан тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзодлар сифатида илгари сурилди. 

Нетаньяху ва Ол Наҳаён / Фото: Getty Images

Jerusalem Post нашрининг хабар беришича, Нетаняху ва Ол Наҳаён Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига туртки берган тинчлик келишувини тузганлари учун Нобел мукофотига номзодликка илгари сурилган.

Шимолий ирландиялик Уилям Дэвид Тримблнинг ўзи ҳам 1998 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори бўлган. Унга нуфузли мукофот Шимолий Ирландиядаги ихтилофни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун топширилган. Нетаняху офисида унинг номзоди катта эҳтимоллик билан Нобел қўмитаси томонидан кўриб чиқилишига умид билдирилган. 

Исроил бош вазирига Нобел мукофоти топширилса, у бу нуфузли мукофотни олган тўртинчи исроиллик бўлади. 

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти 1901 йилдан бери топшириб келинади.

Сентябрда Вашингтонда Исроил БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувни имзолаганди. Кейинроқ Исроил ва БАА ушбу келишувни ратификация қилган. 

Бунгача эса Исроил фақат иккита араб давлати – 1979 йилда Миср, 1994 йилда эса Иордания билан дипломатик муносабатлар ўрнатган.

1978 йилда Мисрнинг ўшандаги президенти Анвар Саодат ва Исроил бош вазири Менахем Бегин Исроил билан келишувни тайёрлаш ва тузишдаги саъй-ҳаракатлари учун тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирланганди.

Top