19:13 / 25.11.2020
3468
Покистон БMTга Ҳиндистон “терроризмни молиялаштиришда” айбланган ҳужжатларни тақдим этди
Фото: AFP

Покистон Ҳиндистон “терроризмни молиялаштиришда” айбланган ҳужжатларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гутерришга тақдим этди. Бу ҳақда Покистоннинг БМТдаги доимий вакили Мунир Акрам ўзининг “Твиттер”даги постида маълум қилди.

Акрам Гутерриш ҳужжатни кўриб чиқишини ва шунга мувофиқ ҳаракат қилишини айтганини таъкидлади.

У шунингдек, Покистон “Ҳиндистоннинг чексиз тажовузи”дан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиши ҳақида огоҳлантирди ва бу борадаги тегишли ҳужжатлар БМТнинг турли институтларига, жумладан БMT Хавфсизлик Кенгашига ҳам юборилишини билдирди.

Акрамнинг сўзларига кўра, у Гутерришдан Ҳиндистонни “Покистонга қарши террористик ва беқарорлаштирувчи фаолиятини” тўхтатишга чақиришни сўраган.

Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, вазир Шоҳ Маҳмуд Қурайший тегишли ҳужжатни БMT Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия ва Франция элчиларига топширган.

Покистон Кашмир назорат чизиғида 13-14 ноябр кунлари содир бўлган тўқнашувлардан сўнг ана шундай қарорга келган.

Покистон армияси баёнотида айтилишича, Ҳиндистоннинг миномёт ва ракета ҳужумлари оқибатида 1 нафар аскар ва 5 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 30дан ортиқ тинч аҳоли жароҳат олган.

Ҳиндистон расмийлари эса Покистон қўшинларининг ҳужуми натижасида 5 нафар аскар ва 6 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилишган.

Top