16:48 / 28.11.2020
16179
“Мендан кетгунча, эгасига етгунча...” – янги уйнинг “сири” қандай очилгани ҳақида

Қорақалпоғистонда лойиҳадагидек ёпилмаган кўп қаватли уй шифти қарийб 28 млн сўмга қайта таъмирланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди. 

Маълум бўлишича, Нукус шаҳрида янги бунёд этилган 5 қаватли уйдан хонадон харид қилган фуқаро, кўп ўтмай бино шифти лойиҳадагидек ёпилмаганини билиб қолади.

“Баъзи пудратчилар томонидан қурилаётган уйлар гўё “мендан кетгунча, эгасига етгунча…” қабилида қурилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Нима бўлган тақдирда ҳам уйлар пишиқ-пухта, аниқ лойиҳа асосида қурилиши шарт. Ахир уйдан инсонлар узоқ йиллар давомида фойдаланишади, унда хавфсиз ва хотиржам яшашлари зарур.

Қорақалпоғистонлик А.А. жорий йилнинг март ойида Нукус шаҳридан 5 қаватли уйнинг юқори қаватидан харид қилган уйи билан шундай ҳолат юзага келди”, – дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабарида. 

Истеъмолчи ўз уйини эстетик ва ўзига хос кўринишга келтириш учун “чўзилган шифт” усулида безашни мақсад қилган. Уста уйга келиб, шифтни ўлчаган ва буюртмани қабул қилган. Аммо белгиланган кунда келтирилган буюртмани шифтга жойлаштиришнинг иложи бўлмаган. 

“Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишга қарор қилган фуқаро А.А. қурилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни тузатишда ёрдам беришларини сўради. 

Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилди”, – дейилади Агентлик хабарида.

Ушбу қурилишга масъул бўлган ташкилот ҳужжатларда кўрсатилган асосда жами 27.5 млн сўмлик таъмирлаш ишларини амалга оширган.

“Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш ишларини назорат қилиш инспекцияси, “Универсал проект смета” МЧЖ вакили ва пудратчи “Шаҳзада Нөкис” МЧЖ вакиллари билан мурожаат жойига бориб ўрганилди ва ҳақиқатда камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Қурилиш ишларини сифатсиз олиб борган “Шаҳзада Нөкис” МЧЖга топшириқлар берилди.

Мазкур МЧЖ истеъмолчининг хонадони тепа қисмига 15 232 060,0 сўм, хонанинг ички қурилиш ишларидаги камчиликларга 12 352 315,0 сўм қўшимча лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида жами 27 584 375,0 сўмлик таъмирлаш ишларини амалга оширишга мажбур бўлди. Пудратчининг йўл қўйган камчиликлари бартараф этилди. Ўрганиш натижаси бўйича ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга киритилди”, – дейилади Агентлик маълумотида.

Top