22:07 / 29.11.2020
63840
Алишер Усмонов қай тарзда бойлик орттирган?

Наманган вилояти Чуст туманида туғилган Алишер Усмонов Россия фуқароси саналса-да, ўзбек эканидан фахрланишини бир неча бор таъкидлаган. Шу боисдан уни айни пайтда жаҳондаги энг бой ўзбек дея таърифлаш мумкин. Фақат очиқ манбаларда бор маълумотларга асосланган ҳолда, албатта.

Фото: Сергей Савостьянов/ТАСС

67 ёшли миллиардер маълум муддат Россия бойлари орасида етакчилик қилган. Дунё бойлари рейтингига ҳам мунтазам кириб туради. Хўш, Алишер Усмонов қандай қилиб бойлик орттирган?

2005 йилга қадар Алишер Усмонов номи жамоатчиликка унчалик ҳам таниш эмасди. 2000-йилларнинг боши Россияда Абрамович, Дерипаска, Лисин, Потанин каби миллиардерларнинг олтин даври эди (албатта, бу бойваччалар ҳозир ҳам камбағаллашиб қолишгани йўқ). Айнан 2005 йилда Алишер Бурхонович ўзининг 2 млрд доллари билан Россия миллиардерлари йигирматалигига кирган.

2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозига қарамай, 2012 йилда Усмонов 18,1 миллиард доллар бойлиги билан Россия миллиардерлари рўйхатида мутлақ етакчига айланди. У 2010 йилда ҳам 14-ўринни эгаллаб турганди.

Маълумот учун: Сўнгги рейтингларга кўра, Алишер Усмонов 18,3 млрд доллар билан Россия бойлари орасида 5-ўринни эгаллаган. Унинг бойлиги 2020 йил бошидан ноябр ойигача 1,62 млрд долларга кўпайган ва у рейтингнинг юқори ўнталигига кирувчи миллиардерлар орасида капитали кўпайган ягона киши бўлган.

Фото: Артем Коротаев / ТАСС

Яна бир қизиқ жиҳат: «Интернет қитъаларни боғлаб турган кемага ўхшайди» деган сўзлар Алишер Усмоновга тегишли. Хўш, сизнингча у бу сўзларни Facebook интернет гигантига сармоя тиккан 2009 йилда айтганми? Йўқ! Бу сўзлар айтилганида ҳали олис 2000 йил эди. Технологик компаниялар дунёни забт этиши тезлашган бу даврда ҳамманинг кўз ўнгида Цукерберг ёки Сергей Брин эмас, Билл Гейтс намоён бўларди.

Ана энди сарлавҳадаги саволга бевосита жавоб берсак бўлади. Алишер Усмонов «Металлоинвест» компаниясининг асосий сармоядори бўлгани учун уни «металлчи бой» деб аташ бугунги кун нуқтайи назаридан хато бўлади. Албатта, дастлабки йирик капиталини у фойдали қазилмалардан топган бўлиши мумкин, лекин уни дунёга танитган ва етакчиликка эриштирган сармоялар бу – юқори технологик компанияларга ўз вақтида тикилган пуллардир.

Ҳозирда ҳисоб-китобларга кўра, унинг умумий бойлигида бундай компанияларнинг улуши 60 фоиз атрофида.

Унинг охирги йиллардаги айрим сармоялари қуйидагича:

1. 2006 йилда «КоммерсантЪ» нашриёт уйи;

2. 2007 йилда «МузТВ» телеканали;

3. 2007 йилда Лондоннинг «Арсенал» футбол клуби (у клубдаги барча 30 фоиз акциясини 2018 йилда 713 млн долларга сотди);

4. 2008 йилда «Мегафон» алоқа компанияси;

5. 2009 йилда Facebook ижтимоий тармоғи;

6. 2010 йилда Mail.ru портали;

7. 2012 йилда USM холдингининг асосий қисми (бу холдинг таркибига «Металлоинвест», «МегаФон», «Скартел», «Mail.ru Group», «Disney Russia», «Муз-ТВ», «Ю» каби телеканаллар кирарди; mail.ru ортидан «ВКонтакте», «Одноклассники», «Мой Мир», «ICQ» мессенжери каби активлар ҳам шулар қаторида);

8. 2013 йилда Apple гигантининг 100 миллион долларлик акциялари (кейинчалик у бу акцияларни яхши фойда билан сотиб, Хитойнинг технологик компаниялари акцияларини сотиб олган).

Айнан шу ва шу каби сармоялар Алишер Усмоновнинг миллиардерлар етакчисига айланишига сабаб бўлган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top