17:50 / 01.12.2020
12076
ЕЧЛ. 5-тур олдидан. Кимда қандай имконият?

Бугунги ўйинларда «Реал» ва «Ливерпуль» плей-оффни ҳал қилиши, «Интер» турнир билан хайрлашиши мумкин.

Фото: Спорт Экспрес

Бугун Европа Чемпионлар Лигасининг 4 гуруҳида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Табиийки, бир нечта учрашувда плей-офф иштирокчиси, баъзи ўйинларда гуруҳ омадсизлари аниқланиши мумкин. Шу кунгача 4 жамоа расман кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлса, 8 жамоа турнирни давом эттиришдан бутунлай умидини узган. Аммо ўша клубларда ҳам ўз иштироки билан турнир жадвалига таъсир ўтказиш имконияти бор.

А гуруҳи
«Локомотив» – «Зальсбург» (22:55)

«Атлетико» – «Бавария» (00:55)

 

Ушбу гуруҳда «Бавария» 100 фоиз натижа кўрсатиб, аллақачон кейинги босқич масаласини ҳам ҳал қилиб бўлган. Мюнхенликлар ҳатто гуруҳдаги 1-ўрин масаласини ҳал қилган ягона жамоа ҳисобланади. «Бавария»ни ўз майдонида қабул қиладиган «Атлетико»га эса, очко сув ва ҳаводек зарур.

Мадридликлар 4 ўйиндан 5 очко жамғаришган ва гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб туришибди. Россиянинг «Локомотив» жамоасида эса 3 очко бор. Агар «Атлетико» немисларга ютқазадиган бўлса, «Локомотив» ўз майдонида «Зальсбург»ни ютиб, испанларни қувиб ўтиши мумкин. Ёки австрияликлар Москвада ғалаба қозонишсаям, «Атлетико»га яқинлашиб олишади. Сўнгги турда «Зальсбург» ўз майдонида Симеоне шогирдларини қабул қилишларини инобатга олсак, ўша ўйин гуруҳдан чиқиш финалига айланиб кетиши мумкин. Хуллас, Мадрид клуби ўтган турда ўз майдонида «Локомотив»ни юта олмай вазиятни оғирлаштириб қўйди. Энди жамоа ё «Бавария» устидан ғалаба қозониши керак ёки барча масалани сўнгги турга қолдиришга мажбур.

В гуруҳи
«Шахтёр» – «Реал» (22:55)

«Боруссия» М – «Интер» (00:55)

«Реал» «Интер» устидан икки ўйинда ҳам ғалабага эришиб, вазиятни анча ўнглаб олган бўлса-да, вазифани охиригача етказиб қўйиш учун бугун «Шахтёр»га ютқазмаслиги керак бўлади. Украиналиклар ҳозирда «Реал»дан уч очко ортда бормоқда. Агар ғалаба қозонадиган бўлишса, очколар сони бўйича «Реал» билан тенглашиб, гуруҳ жадвалида бу рақибни ортда қолдирган ҳолда 2-ўринга кўтарилиб олишади. Сабаби, регламентга кўра, агар очколар тенг бўлиб қолганда, энг биринчи бўлиб, ўзаро ўйинлар натижаси инобатга олинади. Маълумки, «Шахтёр» Мадридда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Агар бу ўйинда меҳмонлар ғалаба қозонишса, «Шахтёр» кейинги босқичга чиқиш имкониятини бутунлай йўқотади, Зидан шогирдлари эса муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал қилишади.

Параллел бўлиб ўтадиган «Боруссия» – «Интер» ўйини эса, миланликлар учун сўнгги имкониятдир. Конте шогирдлари Чемпионлар Лигасида қолиш учун қолган икки учрашувни ўз фойдасига ҳал қилишлари ва сўнгги турда «Реал»нинг «Боруссия»га очко бермаслигидан умид қилишларига тўғри келади. «Боруссия» эса «Интер»га қарши ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, қолган ўйинлар натижасидан қатъи назар, плей-оффдаги иштирокини таъминлайди. 

С гуруҳи
«Порту» – «Манчестер Сити» (00:55)

«Марсель» – «Олимпиакос» (00:55)

Бу гуруҳда ҳам кейинги босқич масаласини ҳал қилган жамоа бор – «Манчестер Сити». «Шаҳарликлар»нинг «Порту»га қарши ўйини эса гуруҳдаги 1-ўрин масаласига ойдинлик киритиши мумкин. Агар Пеп Гвардиола шогирдлари дуранг қайд этадиган бўлса ҳам, ўртадаги уч очколик фарқ сақланиб қолади ва ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазига «Манчестер Сити» расман 1-ўринни ўзиники қилиб олади.

«Порту» учун қайсидир маънода шу ўйинда 1 очко олиш ҳам етарли. Ана шунда португалияликлар ҳам плей-офф масаласини амалда ҳал қилган бўлади. Зеро «Порту»нинг «Олимпиакос» билан фарқи ҳозирда 6 очкога тенг. Мабодо, «Порту» бу турда ютқазиб, «Олимпиакос» ғалаба қозонадиган бўлса ҳам, греклардан сўнгги турда «Порту»ни йирик ҳисобда енгиш талаб этилади. Чунки биринчи даврадаги ўйинда португалияликлар 2:0 ҳисобида устун келишган.

Бугун Францияда бўлиб ўтадиган «Марсель» – «Олимпиакос» ўйинида мезбонлар учун ҳам ўзига яраша вазифа бор. Ҳеч бўлмаса, Европа Лигасига бериладиган йўлланма учун ҳам, французлар ғалаба қозонишлари керак бўлади.

D  гуруҳи
«Аталанта» – «Мидтьюлланн (00:55)

«Ливерпуль» – «Аякс» (00:55)

«Ливерпуль» кутилмаганда ўз майдонида «Аталанта»га ютқазиши гуруҳдаги вазиятни бироз чигаллаштириб юборди. Лекин ҳали ҳам Клопп шогирдлари гуруҳда асосий фаворит бўлиб туришибди. Инглизлар рақиблардан 2 очко кўп жамғаришган, бунинг устига «Мидтьюлланн» билан ўйинда ҳам осонлик билан очко қўлга киритишлари мумкин.

«Аякс»га қарши бугун бўлиб ўтадиган ўйинда «Ливерпуль» ғалаба қозонса, расман плей-офф йўлланмасини ҳал қилган бўлади. Ҳатто мағлубият ҳам мерсисайдликлар учун фожиа эмас. «Аталанта» ҳам ўз ўйинида ғалаба қозониб, «Ливерпуль» гуруҳда учинчи ўринга тушиб қоладиган тақдирда ҳам, охирги турда «Аталанта» ва «Аякс»нинг ўзаро ўйини бор.

Ливерпулликлар хотиржам Дания клуби устидан ғалаба қозониб, икки рақибдан бирини қувиб ўтавериши мумкин. Лекин табиийки, Клопп барча масалани шу бугун ҳал қилишни истайди. Биринчидан, гуруҳда 1-ўринни олиш ҳам нимчорак финалдаги қуръада устунлик тақдим этади, иккинчидан, шундоқ ҳам АПЛда тиғиз тақвим ва муҳим ўйинлар кўплиги боис, ҳафта ўртасида совуқ Данияда масалани ҳал қилиш яхшигина муаммо туғдиради.

«Аталанта» бу турда осон ғалаба қозониб, гуруҳда ўзи учун қулай ўринга кўтарилиб олиши мумкин. Лекин, пайқаганингиздек, бу тўртликдаги иккинчи йўлланма соҳиби охирги турда, Амстердамда, «Аякс» ва «Аталанта»нинг ўзаро учрашувида аниқланади.  

Top