15:16 / 06.12.2020
2959
Пайариқ туманида халқ таълими тизимида 3,2 млрд сўм сўнгги 5 йил мобайнида талон-торож қилинган

ХТВ баёнотида таъкидланганидек, бу пуллар 2020 йилнинг 11 ойи мобайнида эмас, сўнгги 5 йил давомида талон-торож қилиб келингани маълум бўлди.

Пайариқ туман халқ таълими бўлими мудири У.Турғунбоев томонидан билдирилган, ҳокимлик расмий сайтида эълон қилинган муносабатга кўра, Халқ таълими вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасига синчиклаб эътибор берилса, талон-торожлик миқдори йилдан йилга ошиб боргани маълум бўлади.

Чунончи, 2016 йилда — 79,4 млн сўм, 2017 йилда — 213,4 млн сўм, 2018 йилда — 1,163 млрд сўм, 2019 йилда — 1,684 млрд сўм миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиб, талон-торож қилинган. 2020 йилда эса — «бор-йўғи» 74,3 млн сўм маблағ ўзлаштирилгани маълум бўлган.

«Натижада ўтган вақт мобайнида туман халқ таълими бўлими мудири лавозимида ишлаган А.Рашидов, туман ХТБ марказлашган молия-бухгалтерияси бош ҳисобчиси Н.Жабборов лавозимидан озод этилган. Ўзлаштиришларга йўл қўйган масъул ҳисобчи лавозимидаги 11 нафар ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинган», — дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, ХТВ ўтган 11 ой давомида таълим муассасаларида жами 69,8 млрд сўм иш ҳақидан ўғрилик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланганини маълум қилган эди. Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 3,2 млрд сўм нақд пул маблағлари ҳисобланган иш ҳақига нисбатан ортиқча олиниб, кассага кирим қилинмагани ва ўзлаштириб юборилгани таъкидланган эди.

ХТВ ўрганишлари натижасида 396та ҳолат бўйича 149 млрд сўмлик ҳужжатлар тўплами қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. 

Top