13:56 / 06.12.2020
3764
«Хатирчида матбуот учун ҳам бир парча ер топилармикан?..» – газетанинг эркин сотуви муаммолари

Албатта, бозорда таклиф ҳар доим талабга қараб шаклланади. Сўнгги вақтларда матбуот соҳасида қўли қаварган қатор ҳамкасбларимизнинг газета мутолааси муҳимлиги, одамларга унинг қанчалик керак экани ҳақдаги фикрларини ўқияпмиз. Ҳеч қандай иддаоларсиз айтишимиз мумкин — газета мутолааси албатта керак. Аммо бунинг учун аввало одамларга газетани сотиб олиш имконини ҳам беришимиз керак.

Агар газета нечоғлик зарур экани ҳақда бонг урилганчалик унинг чакана сотувига ҳам жон куйдирганимизда эди... Бироқ, даврий нашрини сотув орқали эмас, фақат ва фақат мажбурий обуна орқали ўтказишга уринаётганлар учун бу мавзу бегона.

Йил ўтган сайин туманларда газета дўконлари камайиб кетаётгандек. Баъзан узоқ йил матбуот фаолият кўрсатиб келинган жойда икки кунда савдо дўконига кўзимиз тушади. Бундан икки йил олдин электрон ОАВда Тошкентдаги матбуот дўконларидан бири ҳудуд ободонлаштирилиши важи билан олиб ташланиб, ўрнига гумма рекламаси баннери ўрнатилгани ҳақда ёзилганди. Бундай мисоллар оз бўлмаса керак.

Модомики, одамларга газета керак экан, улар ўқишни исташар экан, нега газеталарнинг эркин сотувини кенгайтирмаслик керак? Зиёли халқимиз яхши мақоласи бор газетани албатта ўқийди, сотиб олиб бўлса-да. Қолаверса, 2-3 минг сўмга газета сотиб олиш ҳеч кимга малол келмайди. Айтайлик, 1,5 млн сўм маош оладиган кишининг қаршисида ёки ойлигини уйига олиб бориб бир ой давомида фарзандларини боқиш, ёхуд маошининг тенг ярмига обуна бўлиш танлови турганда нимани танлаши мумкин? Хуллас, буни мард-у майдон дейдилар — яхши газетани одамлар сотиб олади, агар сотув ташкил этилса.

Аслида бу мулоҳазаларга матбуот дўкони сотувчисининг Kun.uz таҳририятига мурожаати сабаб бўлди. Хатирчи тумани марказида матбуот дўкони сотувчиси Камуна Очилованинг айтишича, унинг газета дўкони сўнгги етти йилда ўн марта кўчирилган. У исталган вақтда, истаган киши матбуот дўконини кўчириб юбориши мумкинлигини айтади.

«2017 йилда ҳам матбуот дўконимиз нисбатан қулайроқ жойда жойлашган бўлиб, озми-кўпми газетхонлар келиб турарди. Минг хил баҳоналар билан киоск кўчирилгач, ўрнига дўкон қурилди. Ҳар сафар матбуот дўкони фаолияти учун жой топишда мингта жойга мурожаат қилишимга тўғри келади. Охир-оқибат газета сотуви учун бозор ҳудудидан жой топилди. Аммо ҳар сафар бозорком алмашганда матбуот дўкони ўрни кимгадир керак бўлиб қолаверади. Латта бозорида ҳам ишладим, ариқ устида ҳам, ҳатто газета дўконини бозорнинг энг чеккасидаги ҳожатхона ёнига ҳам жойлаштириб қўйишди. Сал нарироққа «столча» қўйиб газета сотишимга тўғри келди.

Бугун ҳам матбуот дўконим бозор ичида. Аммо шундоққина савдо расталари рўпарасида жойлашгани учун сотувчиларнинг эътирозларини эшитишга тўғри келяпти. Тинимсиз жой алмашавергани учун бўлса керак, охир-оқибат бир кунда уч ёки тўрт киши газета сўраб келади, холос. Ўтган йилларда ҳам ўқувчиларим сони 100 нафарга етар эди. Хатирчида матбуот учун ҳам бир парча ер топилармикан?..»

Мана, тумандаги биргина матбуот сотувчисининг ҳасрати. Ҳозирча шундай, газета дўконлари сони ошиш ўрнига мудом камайиб, борлари ҳам гўё энг кераксиз соҳадек сарсон бўлаётганга ўхшайди. Бизнингча, бу масалани нафақат тегишли идоралар, балки матбуотчи ҳамкасбларимиз ўрганиб таҳлил этишлари керак. Чунки эркин фуқаролик жамиятида охир-оқибат газеталар тарқалиши ҳам бир кун келиб эркин, рақобат қонуниятлари амал қиладиган усулларга ўтади. Ҳали ҳам вақт бор, сотувга шароит яратиш ва у ерга одамлар ўқишни истаган газеталарни етказиш керак.

Ишонамизки, чекка туманларда ҳам матбуот дўконлари кўпайса, одамлар сотиб олади. Агар сотиб олишмаса, обунанинг ихтиёрийлиги ҳам шубҳа остида қолади. Аммо бундай бўлмаслигига умид қиламиз.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири

Top