09:28 / 09.12.2020
5446
Меркел қаторасига ўнинчи марта йилнинг энг нуфузли аёли деб топилди

Forbes нашрининг 2020 йилда дунёнинг энг нуфузли 100 аёли рейтингида Германия канцлери Ангела Меркел етакчилик қилмоқда. Эътиборлиси, Меркел ушбу унвонга қаторасига 10 йил сазовор бўлмоқда.

Фото: Reuters

Forbes 2020 йил учун дунёнинг энг нуфузли 100 аёли анъанавий рейтингини эълон қилди. Жорий йилда унга 30та давлат вакилалари, жумладан давлатлар раҳбарлари, сиёсий арбоблар, йирик компаниялар етакчилари, қўшиқчилар ва турли соҳаларда фаолият юритувчи бошқа аёллар киритилган.   

Рейтингга кўра, 1-ўринни қаторасига ўнинчи йил Ангела Меркел эгалламоқда. Нашр унинг “пўлат каби мустаҳкам матонати” ва АҚШ президенти Доналд Трампга қаршилик кўрсата олишини эътироф этган.

Рейтингнинг етакчи учлигига Европа марказий банки раҳбари Кристин Лагард ва АҚШнинг бўлғуси вице-президенти Камала Харрис ҳам киритилган.

4-ўринни Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, 5-ўринни миллиардер Билл Гейтснинг рафиқаси Мелинда Гейтс эгаллаган.

Етакчи ўнликка, шунингдек, General Motors бош директори Мэри Барр, АҚШ конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси, испаниялик банкир Ана Ботин, америкалик тадбиркор аёллар Эбигэйл Жонсон ва Гейл Будро киритилган.

Жорий йилда рейтингга коронавирус пандемиясига қарши курашга катта ҳисса қўшган аёллар ҳам киритилган. Жумладан, 32-ўринга Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн, 37-ўринга Тайван етакчиси Цай Инвэн муносиб топилган.

Нашр Жасинда Ардернни Янги Зеландияда коронавирус эпидемияси кучая бошлаши биланоқ қатъий чекловлар киритилгани, Цай Инвэнни эса Тайванда январдаёқ вирусга чалинганлар ва улар билан алоқада бўлганлар ортидан кузатув тизими жорий этилгани учун эътироф этган.  

Жорий йилда Британия қироличаси Елизавета II 6 позицияга пастлаб, 46-ўринни эгаллаган. 

Шунингдек, рейтингга TikTok ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Bytedance компанияси раҳбари Келли Чжан (62-ўрин) ҳам киритилган.

Рейтингга, шунингдек, машҳур инсонлардан америкалик қўшиқчилар Рианна (69-ўрин), Бейонсе (72-ўрин) ва актриса Риз Уизерспун (92-ўрин) киритилган.

Top