09:26 / 10.12.2020
2789
Беларус фуқароларига коронавирус сабабли мамлакатни тарк этиш тақиқланди
Фото: РИА Новости

Беларус 20 декабрдан ўз фуқароларининг қуруқликдаги чегара ўтказиш пунктлари орқали республикадан чиқишини тўхтатади. Ушбу қарор коронавирус пандемияси ортида қабул қилинди.  

Тегишли ҳужжатга кўра, автомобил йўлларидаги, соддалаштирилган, темир йўл вокзалларидаги ва дарё портларидаги ўтказиш пунктлари орқали Беларусдан чиқиш ёпилади. Ушбу тақиқлов дипломатик ва хизмат паспортларига эга шахслар, расмий делегациялар аъзолари, халқаро автомобил ташувлари ҳайдовчилари, ҳаво ва денгиз кемалари экипажлари, поезд бригадалари, хизмат сафарини амалга оширувчиларга тааллуқли бўлмайди.  

Бундан ташқари, ушбу тақиқлов остига мамлакатни яқин қариндоши, турмуш ўртоғининг оғир касаллиги ёки вафоти юзасидан тарк этмоқчи бўлганлар, тиббий ёрдамга муҳтожлар, хорижий давлатда вақтинча ёки доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга эга, хорижий давлат ҳудудида ишловчи ёки таълим олувчи шахслар тушмайди.  

Шу билан бирга, ҳужжат Беларусга хорижликларнинг кириши тартибига ўзгартириш киритади. 20 декабрдан хорижликлар Беларусга кириш учун коронавирусга манфий тест топширганлари ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари лозим. Бундай маълумотнома бўлмаганда мамлакатга кириш рад этилади.

Top