15:18 / 10.12.2020
1551
Ноябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши йиллик ҳисобда 16,3 фоизни ташкил этди - МБ

Жорий йилнинг ноябр ойида инфляция даражаси пасайишда давом этди ва йиллик 11,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида айтилади.

Қайд этилишича, ёз мавсумида нархлар ўсишининг сезиларли секинлашишидан сўнг сентябр ойи охиридан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг маълум даражада тезлашиши кузатилди. Бунда асосан мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий ўзгариши ҳамда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таклифидаги узилишлар ва суст рақобат шароитлари ушбу товарлар нархи ўсишига олиб келди.

Ноябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши йиллик ҳисобда 16,3 фоизни ташкил этди. Бунда 2019 йил ноябр ойига нисбатан гўшт маҳсулотлари 17,7 фоизга, мева ва сабзавотлар 18,5 фоизга, нон маҳсулотлари 16 фоизга қимматлашди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларининг ўсиш суръатлари эса умумий инфляциядан сезиларли даражада паст бўлиб, мос равишда 8,3 фоиз ва 6,5 фоизни ташкил этди. Натижада йиллик базавий инфляция даражаси секинлашишда давом этиб, 11,5 фоизгача пасайди.

«Жорий йилнинг ноябр ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари бироз пасайган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари аксинча ортди. Тадбиркорликнинг бир қатор соҳаларида инфляцион кутилмаларнинг ўсиши қиш мавсумида анъанавий энергия ресурслари (табиий газ, электр энергияси) таъминотидаги узилишлар боис ишлаб чиқариш харажатларнинг ошиши ва таклиф ҳажми пасайишининг кутилаётганлиги билан изоҳланади», - дейилади МБ хабарида.

Top