12:51 / 13.12.2020
12087
АҚШда “Зодиак” тахаллусли оммавий қотилнинг шифрланган мактубини ўқишга муваффақ бўлинди  

АҚШда 1960-йилларда қотилликлар содир этган, “Зодиак” тахаллусли оммавий қотилнинг яна бир шифрланган мактубини ўқишга муваффақ бўлинди. 340 та белгидан иборат бўлган ва “Шифр 340” каби маълум бўлган мактуб 51 йил аввал қотил томонидан “Сан-Франциско Кроникл” нашрига юборилган.

Фото: Eric Risberg/Associated Press

“Би-би-си”нинг ФҚБга таяниб хабар беришича, ҳанузгача шахси ўрнатилмаган оммавий қотилнинг шифрини АҚШ, Бельгия ва Австралиядан уч ҳаваскор дешифрловчи очишга муваффақ бўлган.   

Зодиак 1960-йиллар охирида Сан-Францискода 5 кишини ўлдирган, бироқ уни топишнинг уддасидан чиқилмаган. Қотил Сан-Франциско аҳолисини бир неча йиллар давомида қўрқувда ушлаб турган жиноятлари давомида ўқотар ва совуқ қуролдан  фойдаланган. У, шунингдек, газеталарга шифрланган мактублар йўллаган. Қотил йўллаган яна иккита мактубни ҳанузгача ўқишнинг уддасидан чиқилмаган. Таъкидланишича, улар мазмуни жиноятчининг шахсини ўрнатишга ёрдам бериши мумкин.    

Шифрланган мактубни очиқлашда иштирок этган америкалик веб-дизайнер Дэвид Оранчакнинг таъкидлашича, у шериклари - белгиялик дастурчи Ярл Ван Эйке ва австралиялик математик Сэм Блейк билан бирга махсус дастурлар ва инсонга хос топқирлик ёрдамида шифрни аниқлашга муваффақ бўлишган. Унинг айтишича, мактубда ўзига диққат-эътиборни қаратишни истаган Зодиакнинг сафсатасидан бўлак унинг шахсини ўрнатишга ёрдам берадиган бирор фойдали маълумот йўқ.  

“Умид қиламанки, сиз мени ушлашга уриниб вақтингизни чоғ ўтказасиз. Мен газ камерасидан қўрқмайман, чунки бу мени жаннатга тезроқ жўнатади. Чунки энди менда у ерда мен учун ишлайдиган қуллар талайгина. Қолганларда эса жаннатга тушганида ҳеч нарса бўлмайди, шу сабабли улар ўлимдан қўрқадилар. Мен эса қўрқмайман, чунки жаннатдаги ҳаётим енгил бўлади”, деб ёзган қотил ўз мактубида. Таъкидланишича, у “қуллар” деганда ўз қурбонларини назарда тутган. 

ФҚБда мактуб мазмуни очиқлангани ва қурбонлар хотираси учун адолат қарор топиши мақсадида қотилни қидириш давом этаётгани тасдиқланган. 

Зодиак ўз жиноятларини 1968 йил декабрда содир этишни бошлаган. Ўшанда эркак ва аёл ўз машинасида отиб ўлдирилган. 1969 йил июлда қотил яна бир эркак ва аёлни ўққа тутган, бироқ эркак тирик қолган. Ўша йили яна бир жуфтликка пичоқ билан ҳужум қилинган ва бунда ҳам эркак тирик қолган. Октябрда эса такси ҳайдовчиси отиб кетилган. 

Зодиакнинг ўзи матбуотга йўллаган мактубларида 37 кишини ўлдирганини таъкидлаган ва 1970-йиллар бошигача мактубларни жўнатишни давом эттирган. Айни вақтда унинг иккита мактуби жумбоқ бўлиб қолмоқда. Таъкидланишича, улардан бирида қотил ўз номини шифрлаган. 

Зодиакнинг ким эканлиги бўйича кўплаб тахминлар мавжуд бўлиб, бироқ у содир этган қотилликлар бўйича ҳеч кимга айблов билдирилмаган. Жумладан, ёш болаларни номусига текканлик учун судланган Артур Ли Аллен Зодиак бўлиши мумкин деб тахмин қилинган ва унинг уйида бир неча марта тинтув ўтказилган. Гумонланувчи 1992 йилда 58 ёшида юрак хуружидан вафот этган.

Калифорния штатининг адлия вазирлигида Зодиакка очилган иш ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

АҚШда қотил ҳақида кўплаб филмлар суратга олинган ва китоблар нашр этилган.  

Top