14:49 / 16.12.2020
3449
Амалдаги 13та қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилмоқда

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан амалдаги 13та қонун ҳужжатлари, шу жумладан, 10та қонун ва 3та кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

2020 йил 16 декабр  куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири. 

Тадбирда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятига оид қонунларга киритилаётган меъёрларга асосан маҳаллий кенгашлар томонидан қабул қилинган қонунга зид қарорларни бекор қилиш ваколати Сенатга берилмоқда. 

Шу билан бирга, депутатни жавобгарликка тортишга розилик беришни халқ депутатлари кенгашлари сессиялари оралиғида ҳал этиш амалиётидан воз кечилмоқда. 

Сенат томонидан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари фаолиятига доир ҳисоботларини эшитиш амалиётини жорий этиш, шунингдек, ҳудудий манфаатлардан келиб чиқиб, Сенат томонидан давлат бюджети ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби ўрнатилмоқда.

Мазкур ўзгариш ва қўшимчаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижобий натижаларни бериши кутилмоқда.

Top