09:54 / 16.12.2020
1885
АҚШ Ғазначилиги маслаҳатчиси Ўзбекистон давлат органлари учун маъруза ўқимоқда

Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги АҚШ Ғазначилиги билан ҳамкорликда маърузалар курсини ўтмоқда.

Жорий йилнинг 14 декабридан 18 декабрига қадар АҚШ Ғазначилигининг техник ёрдам бўлими маслаҳатчиси, АҚШ капитал бозорида 30 йилдан зиёд тажрибага эга доктор Вильям Жоннес Ўзбекистон давлат органлари учун маърузалар курсини ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маърузалар, асосан, Ўзбекистон Марказий банки, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ходимлари учун мўлжалланган бўлиб, унда тингловчилар IPOни ўтказиш жараёни бўйича халқаро тажриба, самарали бозор назарияси ҳамда капитал бозоридаги глобал тенденциялар хусусида батафсил маълумотга эга бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, доктор Жоннес ривожланаётган давлатларда молия бозорларини кенгайтириш ҳамда пандемиядан кейинги даврда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақидаги мулоҳазаларини билдириб ўтиши режалаштирилган.

Маълумот учун, агентлик ходимлари Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институти талабалари учун махсус маърузалар ўқиб, Ўзбекистон молия бозорининг бўлажак мутахассислари билан тажриба алмашиб келаётганди.  

Top