19:55 / 18.12.2020
31396
Туризм қўмитаси раиси Tashkent City боғига кириш пулли бўлганига муносабат билдирди

«Чет элга боришга имконияти бўлмаган вилоятлардаги аҳоли Тошкентга келиб, шундай кўнгилочар жойларда дам олишарди», – деди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Kun.uz

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов «Toshkent City» боғига кириш пулли бўлиши ички туризмга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигига муносабат билдирди.

«Чиндан ҳам аввалига бу боғнинг бепул бўлиши ҳақида эълонлар бўлган эди. Лекин бу – дирекциянинг қарори. Боғни кундалик сақлаш харажати, унинг ҳозирги чиройли ҳолатини ушлаб туриш учун харажатлар бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳридаги бошқа баъзи очиқ парклар, хусусий парклар ҳам пулли қилиб қўйилган. Қаерга борсангиз ҳам, туризм харажат талаб қилади. Тарихий жой, зиёратгоҳларга бориш, сувенирлар сотиб олишнинг ҳаммаси харажат. Бехаражат туризмнинг ўзи йўқ. Ўзи, пулини сарфламоқчи бўлган одам саёҳат қилади. Бу бутун дунёда мавжуд вазият. Диснейлендга кирмоқчи бўлганлар ҳам пул тўлаб киради.

Лекин ҳозирги кунда «Toshkent City» ҳудуди аҳолини ўзига жуда жалб қилаётган эди. Чет элга боришга имконияти бўлмаган вилоятлардаги аҳоли Тошкентга келиб, шундай кўнгилочар жойларда дам олишарди», – деди Абдуҳакимов 18 декабрь куни ёшлар форуми доирасида Kun.uz'га берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Tashkent City Park'ка кириш 17 декабрдан бошлаб пулли деб белгиланган.

Марказ дирекцияси раҳбари Баҳром Ризаевнинг сўзларига кўра, пулли кириш тартиби ҳозирча бир ойга мўлжалланган. «Кейинчалик натижасига қараб, яна кўрамиз», деди Ризаев.

Top