18:41 / 18.12.2020
5218
Украина хавфсизлик хизмати Россия Конституцион суди судяларини халқаро қидирувга берди

Иш бўйича тегишли ҳужжатлар Интерполга бериш учун миллий полициянинг халқаро ҳамкорлик департаментига жўнатилган.

Россия Конституцион суди / Фото: РИА Новости

Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Россия Конституцион суди судяларини халқаро қидирувга берди. Улар Украина ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилишда гумон қилинмоқда.

Киевнинг Шевченко райони суди томонидан қайд этилишича, УХХ бош тергов бошқармаси 2018 йил мартдан буён суриштирув олиб бормоқда. Тергов маълумотларига кўра, 2014 йил мартда Россия Конституцион суди судялари ўз ҳаракатлари билан Қримнинг Россия қўшинлари томонидан босиб олиниши жараёнини қонунийлаштиришган.

Жумладан, айнан Конституцион суд 19 мартда Қрим ва Севастополнинг Россияга "қўшилиши тўғрисидаги шартнома"ни маъқуллаган. 

 Россия бош прокуратурасига ушбу иш юзасидан халқаро-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича сўров юборилган, аммо сўров жавобсиз қолдирилган.

 УХХ терговчисининг 27 ноябрдаги қарори билан гумонланувчилар халқаро қидирувга берилган. Иш бўйича тегишли ҳужжатлар Интерполга бериш учун миллий полициянинг халқаро ҳамкорлик департаментига жўнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Конституцион суди 2014 йил мартда Қримнинг Россияга қўшилиши тўғрисидаги шартномани қонуний деб тан олганди.

Top