12:02 / 22.12.2020
6199
«Қарши ёғ-экстракция» АЖ монополияга қарши курашиш қонунларига зид равишда биржага кам маҳсулот чиқарган
Фото: Getty Images

«Қарши ёғ-экстракция» АЖ монополияга қарши курашиш қонунларига зид равишда биржага кам маҳсулот чиқарган. Бу ҳақда Монополияга қарши кураш қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг расмий каналида хабар қилинди. Унда ёзилишича, ўсимлик ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси ҳам ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши белгилаб берилган бўлса-да Қаршидаги завод баъзи кунларда бу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвали (график)да белгиланган кунлик режадан кам миқдорда қўйган. Айрим кунларда эса савдога умуман маҳсулот қўймаган.

Жумладан, жорий йил 1, 2, 3 ва 9 декабр кунларида ўсимлик (пахта ёғи) ёғи маҳсулотини биржа савдоларига қўйиш жадвали (график) кунлик 20 тонна этиб белгиланган бўлса-да, завод шу кунларда 10 тоннадан маҳсулот қўйган. Оқибатда кунлик 10 тоннадан пахта ёғи биржа савдоларига кам қўйилган. 7 декабр куни эса режада белгиланган 20 тонна ёғ умуман биржа савдоларига қўйилмаган.

Шунингдек, жорий йил 2, 3, 7 декабр кунлари режага кўра кунига 25 тоннадан пахта шелухасини биржага қўйиши белгиланган бўлса-да, завод 20 тоннадан маҳсулот қўйган. Яъни биржа савдоларига 3 кунда жами 15 тонна пахта шелухаси кам қўйилган.

Бундан ташқари, 2 ва 3 декабр кунлари биржага 30 тоннадан пахта шроти қўйилиши белгиланганига қарамасдан, завод 20 тоннадан маҳсулот қўйган. 7 декабр куни эса кунлик режадаги 30 тонна маҳсулот биржа савдоларига умуман қўйилмаган.

Қайд этилишича, «Қарши ёғ-экстракция» АЖ биржа савдоларига кунлик режадагидан кам маҳсулот чиқариб, Президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги «Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-4484-сон қарори 3-бандида кўрсатилган, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган «Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-бандида кўрсатилган шарт ва талабларни қўпол тарзда бузган.

Бундан ташқари, низомнинг 6-бандига риоя қилинмаган ва «Қарши ёғ-экстракция» АЖ томонидан объектив ва уларга боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли жадвалларда назарда тутилган ҳажмларни ва маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш муддатларини бажаришнинг имконияти бўлмаган ҳолатларда, маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш санасидан бир кун аввал, бу ҳақда монополияга қарши курашиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига хабар берилмаган.

«Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида ҳудудий бошқарма томонидан «Қарши ёғ-экстракция» АЖга бир неча марта тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари (09.04.2020 йилда 02/02-631 сонли, 2020 йилда 01/05-1179-сонли, 10.08.2020 йилда №01/05-1426 сонли) берилган.

Бу билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган «Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига риоя этилмаган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддаси талаблари бузилгани аломатлари маълум бўлди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 36-банди 8-хат бошиси товарларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган юқори ликвидли ва монопол турларини биржа савдоларига тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда қўймаслик – бу биржа нархларининг ўсишига олиб келиши мумкин бўлган қонун бузилиш ҳолатлари маълум бўлди.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасининг махсус комиссиясининг 2020 йил 14 декабрдаги йиғилишида кўриб чиқилиб, «Қарши ёғ-экстракция» АЖга нисбатан юқоридаги қонунбузилишларни тўхтатиш, олдини олиш ва келгусида йул қўймаслик ҳақида кўрсатма берилди», — дейилади хабарда.

Top